Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 19/03/2026

Ўзбекистонда интернетдаги ҳақорат ва уятли сўзлар учун жазо жорий этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2026 йил 17 март куни интернетда ҳақорат қилиш, уятли сўзлар ишлатиш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Ҳужжат кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди.

Ушбу ҳужжат февраль ойи бошида биринчи ўқишда кўриб чиқилган эди.

Киритилаётган ўзгартиришлар телекоммуникация тармоқларида уятли сўзлардан фойдаланиш, фуқароларга нисбатан ҳақоратли хулқ-атвор, жамоат тартибини бузувчи ҳаракатлар, шунингдек, жанговар ҳаракатларда иштирок этишни тарғиб қилувчи материалларни тарқатганлик учун жавобгарликни белгилайди.

Интернет-безорилик, хусусан, ҳақорат қилиш ва камситиш учун 5 млн сўмгача жарима ёки 10 суткагача маъмурий қамоқ жазоси таклиф этилган эди.

Ҳужжат билан оммавий ахборот воситалари ва интернетда шахснинг ўзи томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликни тарғиб қилувчи материалларни тарқатганлик учун ҳам жавобгарлик ўрнатилмоқда. Бу ҳуқуқбузарликлар оммалашиши ва уларга тақлид қилинишининг олдини олиши кутилмоқда.

Депутат Сайдулло Азимовнинг сўзларига кўра, ҳужжат иккинчи ўқишгача таклиф ва мулоҳазалар асосида такомиллаштирилган.

Хусусан, дастлаб таклиф этилган интернетдаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги алоҳида модда майда безорилик ҳақидаги модда таркибига киритилди. Шунингдек, нормаларнинг ифодаланишига аниқлик киритилди: мавҳум бўлган «содир этилган ҳуқуқбузарлик» тушунчаси ўрнига «шахснинг ўзи томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик» деб белгиланди.

Бундан ташқари, хатланган мулкни яшириш, йўқотиш ёки унга шикаст етказиш, агар бу ижро ҳаракатларига тўсқинлик қилса, бунинг учун ҳам жавобгарлик жорий этилди. Бундай ишларни кўриб чиқиш Мажбурий ижро бюроси ваколатига ўтказилди, бунда ярашув қўлланилиши истисно этилади.

Ушбу ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори мутаносиблик тамойилини ҳисобга олган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 20 бараваригача туширилди.

Қонун лойиҳасида хориждаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишни тарғиб қилувчи материалларни тарқатганлик учун ҳам жавобгарлик кўзда тутилган.