
Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 2026 йил 3 февраль куни бўлиб ўтган мажлисда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди, деб хабар берди қуйи палата матбуот хизмати.
Чет давлат ҳудудидаги ёки унинг томонидаги қуролли тўқнашувларда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатганлик ва намойиш этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан ОАВ ва интернетда шахснинг ўзи томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликни тарғиб қилувчи материалларни тарқатганлик учун ҳам жавобгарлик ўрнатилмоқда. Бу чора ҳуқуқбузарликларнинг оммалашиши ва уларга тақлид қилинишининг олдини олиши кутилмоқда.
Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу нормалар жамиятда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг янги турлари пайдо бўлишининг олдини олиш ҳамда аҳолига, жумладан, ёшларга салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этишга қаратилган.
«Жойлардаги ўрганишлар натижасида кўп қаватли уйлар, кўча чироқлари устунлари ва бошқа жамоат жойларида хорижда иш ёки катта пул ваъда қилинган Telegram-каналлари кўрсатилган граффити ва варақлар аниқланган. Фойдаланувчилар ушбу ҳаволалар орқали хориждаги жанговар ҳаракатларда иштирок этишга ёки наркокурьерлик фаолиятига жалб қилинмоқда», — деди Либерал-демократик партия депутати Хушвақт Ҳайитов.
Унинг қўшимча қилишича, ижтимоий тармоқларда ҳуқуқбузарлик жараёнини намойиш этиш бошқалар томонидан тақлид қилинишига, демак, қонунга нисбатан ҳурматсизлик ва агрессив кайфиятнинг ошишига, айниқса ёшлар орасида, сабаб бўлмоқда.
«Алоҳида таъкидлаш жоизки, лойиҳа интернетда «лайк» йиғиш ёки обуначилар сонини кўпайтириш учун жавобгарликни назарда тутмайди. Жавобгарлик айнан шахснинг ўзи содир этган ҳуқуқбузарликларни тармоқда тарқатгани учун белгиланган. Тақиқ бадиий ёки юмористик форматдаги, реал ҳаётда содир этилмаган ҳуқуқбузарликлар акс этган видеороликларга тааллуқли эмас», — деб тушунтирди Хушвақт Ҳайитов.
Қайд этиш жоизки, аввалроқ мотоблогер Тошкентда спорт мотоциклида соатга 310 км тезликда ҳаракатлангани акс этган видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирган эди. Париждаги Олимпия ўйинлари чемпиони, боксчи Асадхўжа Мўйдинхўжаев президент совғаси сифатида берилган автомобилда пойтахтнинг кичик кўчасида тезликни соатга 110 км гача оширган. У бу ҳақдаги видеони Instagram саҳифасига жойлаган, бироқ кейинчалик у ўчириб ташланган.
Блогер Нигина Мелиқўзиева интенсив ҳаракат вақтида бир қатордан бошқасига хавфли тарзда ўтиш (шахмат шаклида ҳайдаш) ҳолатларини кўрсатган эди. Хонанда Жаҳонгир Отажонов эса Zeekr автомобилида аҳоли пунктларидан ташқарида рухсат этилган 100 км/соат ўрнига тезликни 195 км/соатгача оширган.