
Хоразм вилоятида пуллик автомобиль йўли қурилиши лойиҳасининг буюртмачиси давлат муассасаси — Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси ҳисобланади. Бу ҳақда «Газета»га идоранинг ўзида маълум қилишди.
Пудратчи ташкилотлар сифатида қўмита таркибига кирувчи компаниялар, жумладан, Навоий вилояти йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси иштирок этмоқда. Шундай қилиб, лойиҳа Давлат қўмитаси тузилмалари томонидан унинг тасарруфидаги давлат муассасаси буюртмаси асосида амалга оширилмоқда.
Молиялаштириш исми очиқланмаган ташқи инвестор маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан амалга оширилмоқда. Томонларнинг иштирок этиш улушларига аниқлик киритилмаган.
«Йўл-лойиҳа бюроси» давлат компанияси директори Ғулом Зоҳидов аввалроқ Урганч — Хива пуллик йўли лойиҳаси президент қарорлари асосида бошланганини маълум қилган эди. Бироқ «Газета»нинг тегишли ҳужжатни тақдим этиш ҳақидаги сўровига қўмита рад жавобини берди. Ҳужжатнинг «ёпиқ» ёки йўқлиги ҳақида идора маълумот бермади.
Тендер ўтказилгани ҳақидаги маълумотлар ва бўлажак пуллик трассада юриш тарифлари ҳозирча очиқланмаяпти.
«Бизда етарлича одам ва техника бор. Туркиялик маслаҳатчиларни ёлладик. Улар лойиҳалашда ҳам, лаборатория жараёнида ҳам, назорат ва иш жараёнида ҳам иштирок этадилар. Қўмитамиз тизимидаги корхоналарнинг қарийб 1200 бирлик техникасини тўпладик», — деди қўмита вакили.
Қурувчилардан бирининг сўзларига кўра, хомашёнинг бир қисми — тахминан 150 вагон темир-бетон — Автомобиль йўллари қўмитаси таркибига кирувчи «Ўзйўлкўприк» давлат муассасаси заводидан етказиб берилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «ёпиқ» ҳужжатлар бўйича антикоррупцион экспертиза ўтказа олмаслигини маълум қилди. Шу билан бирга, идора «Газета» сўровига жавобан пуллик йўл лойиҳасини ўрганиш ишларини олиб бораётганини билдирди.
Урганч ва Хива ўртасидаги узунлиги 35 км, қиймати 120 млн доллар бўлган тўрт тасмали пуллик трасса қурилиши шу ҳафтада бошланди.
Ушбу йўл узунлиги 34 км бўлган мавжуд йўлга (Хива шоссеси D215) муқобил бўлиши кутилмоқда. Йўл босиш вақти 60 дақиқадан 17 дақиқагача қисқариши керак. Йўл асфальт-бетон қопламали бўлиб, ўтказувчанлик қуввати суткасига 20 мингтадан ортиқ автомобилни ташкил этади.
Лойиҳа 5 та лотга бўлинган. Унда 17 та кўприк, 8 та йўл ўтказгич, 1 та туннель ва 5 та махсус ўтиш жойи барпо этилиши кўзда тутилган. Қурилиш ишлари лойиҳалаш билан бир вақтда олиб борилмоқда.
Буюртмачи ва пудратчи — битта тизимда. Бу нимани англатиши мумкин?
«Газета» маслаҳатлашган мутахассисларнинг фикрича, буюртмачи, ижрочи ва етказиб берувчи функцияларининг институционал ажратилмагани тизимли манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқариши мумкин. Амалда битта орган: техник топшириқни шакллантиради, ижрочини танлайди, ижро назоратини олиб боради, ўз корхоналари техникаси ва материалларидан фойдаланади.
Масъул орган етарлича шаффофликни намойиш этмаяпти, лойиҳанинг бошланиши эса анча тезкор бўлди. Бу ҳақда илк бор январь охирида маълум бўлган эди, февралда эса қурилиш ишлари бошланиб кетди. Таққослаш учун: Тошкент — Самарқанд ва Тошкент — Андижон пуллик йўллари қурилиши бир неча йилдан бери муҳокама қилинмоқда, уларнинг қурилиш бошланиши эса тендер ўтказилиши фонида сурилиб келяпти.
Агар пудратчилар тизим ичида очиқ тендерсиз белгиланган бўлса, нархларнинг бозор қиёси ва қийматнинг мустақил баҳоси мавжуд бўлмайди. Шунингдек, ташқи инвестор, молиялаштириш улушлари, тендер ҳақидаги маълумотлар, бўлажак тарифлар, трафик ва йўлнинг ўзини қоплаши бўйича ҳисоб-китоблар очиқланмаган.
Қурилишнинг лойиҳалаш билан бир вақтда олиб борилиши эса, аввалги тажрибаларда кузатилганидек, лойиҳага тузатишлар киритилишига, харажатлар сметасининг ошишига ва сарф-харажатларнинг ўсишига олиб келиши мумкин.
Масалан, 2021 йилда Тошкентнинг Яккасарой ва Сергели туманларини боғлаган олти тасмали автомобиль йўли ва учта йўл ўтказгич қурилиши қиймати қарийб 2 баравар — 280 млрд сўмдан 518,3 млрд сўмгача ошган эди. Пойтахт ҳокимлиги ва бош лойиҳачи ўшанда буни қурилиш материаллари нархининг ошиши ва лойиҳанинг қайта ишлангани билан изоҳлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 январдан бошлаб тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари (ишчи лойиҳа, ишчи ҳужжатлар, лойиҳа-смета ҳужжатлари) мавжуд бўлмаганда ёки лойиҳалаш қурилиш билан параллел равишда олиб борилганда, консолидациялашган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар, шунингдек, давлат банклари ва давлат иштирокидаги корхоналар маблағлари ҳисобидан харажатларни амалга ошириш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини бажариш тақиқланади.