
Azon медиагуруҳи асосчиси, Мубашшир Аҳмад номи билан танилган Алишер Турсунов 2026 йил 20 февраль куни Тошкентдаги 23-сонли маҳкумларга мўлжалланган ихтисослаштирилган касалхонага («сангород») вақтинча ўтказилди. Бу маълумотни шанба куни «Газета»га маҳкумнинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ тасдиқлади. Бу ҳақда биринчи бўлиб «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов хабар берган эди.
2025 йил октябрь ойида 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилган Алишер Турсунов ҳозирда Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 5-сонли колонияда жазо ўтамоқда.
Турсуновнинг адвокати ҳам, яқинлари ҳам у билан Тошкентда кўришишмаган.
Абдуллоҳ Содиқнинг қайд этишича, чап оёқ артрози ва қандли диабетдан азият чекаётган мижозининг оёқларида яна шишлар кузатилмоқда. Шу сабабли уни чуқурлаштирилган текширув ва даволаниш учун пойтахтга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган. Даволаниш камида икки ҳафта давом этиши кутилмоқда.
Январь ойида Абдуллоҳ Содиқ «Газета»га Турсунов кўп йиллардан буён иккинчи турдаги инсулинга боғлиқ диабет билан курашаётгани, артроз ва стенокардиядан азият чекаётгани ҳамда қамоқхона шароитида сақланиши мумкин эмаслиги ҳақида маълум қилган эди. Адвокатнинг сўровига биноан колониядан олинган хатда касалликлар мавжудлиги тасдиқланган ва маҳкум ноябрь ойи давомида уч марта — 5-6, 10-14 ва 24-30 ноябрь кунлари амбулатор даволангани айтилган. Бироқ 26 декабрь куни адвокат билан учрашувда Турсунов фақат тиббий кўрикдан ўтганини, ҳеч қандай даво муолажалари ёки дори-дармонлар олмаганини билдирган.
Адвокатнинг таъкидлашича, колония маъмурияти Турсуновнинг саломатлиги «критик» ҳолатда эканини била туриб, уни ғишт заводида совуқда 16 соатлаб ишлашга юборган.
Ўшанда Ўзбекистон омбудсмани вакили 5-сонли колонияга ташриф буюриб, Турсуновнинг муассасада кўрсатилаётган тиббий ёрдамга эътирози йўқлигини, у мунтазам равишда тўлиқ тиббий кўрикдан ўтиши ва зарур тиббий ёрдам олишини маълум қилган эди. Хабарда унинг ўз хоҳиши билан ошхонада ишлаётгани айтилганди.
Алишер Турсунов 2023 йил охирида Истанбулда қўлга олиниб, депортация марказига жойлаштирилган эди. 2024 йил февралида у қўйиб юборилди. Ўша вақтда Ўзбекистон ИИВ Турсуновни қидирувга бергани маълум бўлди. Май ойида у яна қўлга олинди ва Ўзбекистонга депортация қилинди. Суд уни диний адоват қўзғатиш ва диний материалларни ноқонуний тарқатишда айбдор деб топган.