
Ўзбекистоннинг хориждаги 7 та элчихонасида маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 30 январдаги фармонида кўзда тутилган.
Янги лавозим Россия, Буюк Британия, Франция, Индонезия, Хитой, АҚШ ва БААдаги элчихоналарда ташкил этилади.
Маслаҳатчи элчидан ташқари Президент администрациясининг Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти раҳбарига ҳам ҳисобдор бўлади. Ушбу лавозимни 2025 йил июль ойидан буён Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова эгаллаб келмоқда.
Маслаҳатчилар Ўзбекистоннинг маданий меросини тарғиб қилишда иштирок этади, маданият кунлари ва бошқа тадбирларни ўтказади, маданият ва санъат муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўяди, шунингдек, ватандошлар билан мулоқот ўрнатади.
2026 йил 15 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда президент элчилардан нафақат сиёсий мулоқот, балки бошқа вазифалар: инвестиция ва технологияларни жалб қилиш, янги экспорт бозорларини очиш, транспорт-логистика йўлакларини ишга тушириш, туристлар оқимини кўпайтириш, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кутилаётганини таъкидлаган эди.
Давлат раҳбари маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилиши ҳисобига дипломатик миссия раҳбарларида сайёҳлар оқимини 2–3 бараварга ошириш имконияти пайдо бўлишини баён қилган.