Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон компанияларининг Россия бозорига чиқиши ҳақида

Ўзбекистонлик лифт ишлаб чиқарувчиларнинг Россиядаги эскирган лифт ускуналарини алмаштириш дастурида иштирок этиши амалдаги савдо тўсиқлари туфайли чекланган. Бу ҳақда 2026 йил 29 январь куни электротехника соҳаси тадбиркорлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Texnopark директори Сарвар Аҳадов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россияда лифт хўжалигини реновация қилиш бўйича кенг кўламли дастур амал қилмоқда.

«Турли манбаларга кўра, Россия Федерациясида маънан эскирган лифтларни алмаштириш бўйича 46 мингдан 85 мингтагача лифтга мўлжалланган дастур мавжуд. Ҳозир ҳар бир давлат ўз бозорини ҳимоя қилмоқда ва Россия ҳам ўз ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тариф ва нотариф тўсиқларни жорий этган», — деди Аҳадов.

У «ушбу реновация дастури — яъни эски лифтларни алмаштириш доирасида — иштирок этишга фақат Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатларига рухсат берилганини» таъкидлади.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ушбу масала музокараларда бир неча бор кўтарилганини тасдиқлади. «Ҳар сафар бу масалани қўзғатганимизда, бизга: „Биз буни албатта қиламиз, лекин сиз ҳам ЕОИИга аъзо бўлинг“, деб жавоб беришади», — деди.

Муқобил сифатида Сарвар Аҳадов минтақавий даражадаги пилот лойиҳаларни кўриб чиқишни таклиф қилди. «Биз вариант сифатида ҳеч бўлмаганда битта ҳудудда — ҳатто логистикаси узоқ бўлган чекка вилоятда бўлса ҳам пилот лойиҳани кўриб чиқишни таклиф қиляпмиз. Масалан, Новосибирск, Омск ёки Томск вилоятлари», — деди.

Унинг сўзларига кўра, гап «йилига тахминан 10 мингта лифт — бу сотиш салоҳияти қарийб 10 минг дона бўлган бозор» ҳақида бормоқда. «Битта лифтнинг ўртача нархи 20 минг доллар атрофида эканини ҳисобга олсак, гап жуда катта маблағ (тахминан 200 млн доллар) ҳақида кетмоқда», — деб қайд этди Аҳадов.

Жамшид Хўжаев, ўз навбатида, бу масалани тўғридан-тўғри минтақавий даражага олиб чиқиш мақсадга мувофиқлигини айтди.

«Эҳтимол, бу масалани тўғридан-тўғри ушбу вилоятлар губернаторлари билан кўтариш керак. Чунки юқори раҳбариятга чиққанимизда, бизга ҳар сафар бир хил жавобни — табассум билан беришади: „Нимани сўраяпсан. Хоҳласанг — бизга қўшил, ахир сен алоҳида яшаяпсан-ку“. Агар марказий ҳукуматга чиқсак, жавоб доимо бир хил бўлади», — деди у ва қўшимча қилди: «Агар марказий ҳукуматга мурожаат қилсак, жавоб доим битта».

Чекловлар кенгайиб бораётгани ҳақида «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси бошқаруви раиси Мирзиёд Юнусов ҳам маълум қилди.

«Бу муаммо — тариф ва нотариф чекловлар — кун сайин ҳам турлари, ҳам ҳажми бўйича кучайиб бормоқда. Бу аввал лифтлар бўйича эди, мана яқинда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган трансформаторларга нисбатан ҳам шунга ўхшаш чекловлар жорий этилди», — деди.

Юнусовнинг сўзларига кўра, Россия томони «Россияда ишлатиладиган ва ўрнатиладиган трансформаторлар фақат Россия ҳудудида ишлаб чиқарилган бўлиши керак»лигини билдирган.

Шу билан бирга, у Чирчиқ трансформатор заводи ҳам сифат, ҳам технологик ечимлар бўйича «етакчи тортувчи трансформатор ишлаб чиқарувчилардан бири» ҳисобланишини эслатиб ўтди.

«Жорий этилган чекловлар туфайли биз тахминан 15 млн долларлик имзоланган контрактдан воз кечишга мажбур бўляпмиз», — деди Юнусов ва масалани ҳукуматлараро комиссияга олиб чиқишни таклиф қилди.

Чекловлар механизми ҳақида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича биринчи котиби Шамсиддин Абдуллаев ҳам сўзлаб берди.

«Бу 1 январдан кучга кирди. Гап давлат харидлари ва давлат муассасалари харидлари соҳасида миллий режимни жорий этиш ҳақида кетмоқда. Адашмасам, бу 1875-сонли қарор. У ерда Россия маҳсулотларига устуворлик берилиши кўзда тутилган. ЕОИИ мамлакатлари учун бунга рухсат берилган, Ўзбекистон учун эса йўқ», — деди.

Жамшид Хўжаев халқаро қоидалар нуқтаи назаридан давлат харидларида миллий режимни қўллаш мумкинлигини тан олди.

«Бу нафақат Россия, балки бошқа давлатларга ҳам тегишли — жумладан, бизда ҳам ҳозир шунга ўхшаш лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда ва амалга оширилмоқда. Ўйлайманки, яқин вақт ичида тегишли ҳужжат бизда ҳам тасдиқланади», — деди бош вазир ўринбосари ва бу масала Россия томони билан алоҳида муҳокама қилинишини таъкидлади.

Якунда Сарвар Аҳадов худди шундай реновация дастури Қозоғистонда ҳам амал қилаётганини маълум қилди. «У ерда гап тахминан 5600—6000 та лифт ҳақида кетмоқда. Биз аллақачон губернаторлар ва маҳаллий ҳокимият органлари билан ишлаяпмиз — уларда ўз маҳаллий бюджетлари бор», — деди.

Бундан ташқари, Аҳадов Ўзбекистон—Қирғизистон тараққиёт жамғармаси маблағларидан ўзбек лифтларини сотиб олиш ва уларни Бишкекдаги уйларга ўрнатиш учун фойдаланишни таклиф қилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойидан буён ЕОИИда кузатувчи мақомига эга.

Texnopark корхоналар гуруҳи кенг турдаги саноат ва маиший маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи бир нечта заводларни бирлаштиради. Компания лойиҳалари ҳақидаги маълумотларга кўра, асосий товар тоифаларига маиший ва ярим саноат кондиционерлари, музлатгичлар, кир ювиш машиналари, интеллектуал газ ва сув ҳисоблагичлари, лифт ва эскалаторлар (Osten ва Akfa Build), саноат иситиш қозонлари ва радиаторлари, сэндвич-панеллар, металл конструкцияли буюмлар киради.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил апрель ойида лифт импорт қилувчиларнинг мувофиқлик сертификатлари амал қилиши тўхтатилгани сабабли лифт импорти бир муддат тўхтаб қолган эди. Ўшанда бизнес вакиллари очиқ рақобатни талаб қилишганди. Муаммо Сенатнинг аралашувидан сўнг ҳал бўлган — сенаторлар сўровидан кейин сертификатлар бериш қайта тикланган эди.

Кейинчалик Рақобатни ривожлантириш қўмитаси ушбу масала бўйича ҳукуматга қатор таклифлар киритган эди. Хусусан, ваколатли орган томонидан бекор қилинган тадбиркорларнинг 17 та мувофиқлик сертификатини тиклаш, лифтларни синовдан ўтказиш хизматлари бозорига хусусий секторни жалб қилиш ва бошқалар таклиф этилганди.

Ҳукумат вакиллари билан бўлган учрашувда тадбиркорлардан бири масала ҳамон ҳал этилмай қолаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 10 га яқин Хитой лифт ишлаб чиқарувчи компаниялари сифат ва хавфсизлик стандартларига жавоб бермагани учун «қора рўйхат»га киритилган (бироқ бу рўйхат қаерда эълон қилингани ва ким томонидан шакллантирилгани аниқлаштирилмаган).