Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 27/01/2026

Тошкентда шаҳарнинг табиий вентиляцияси учун бинолар қаватлари сонини чеклаш режалаштирилмоқда

Тошкентда шаҳарнинг табиий вентиляциясини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш режалаштирилган. Бу 2026 йилги давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, пойтахтда 2026 йил апрель ойига қадар шамол йўналишлари ва шаҳарнинг табиий вентиляциясини урбанистик моделлаштириш тизими (Urban digital twins) яратилиши керак. Бу тизим шаҳарга кириб келаётган ҳаво оқимлари тўсилиб қолиши мумкин бўлган ҳудудларни аниқлаш, шунингдек, шамол тезлиги ва йўналишига таъсир этувчи омилларни юзага чиқариш имконини беради.

Моделлаштириш доирасида Тошкентнинг табиий вентиляция коридорларини аниқлаш ҳамда уларни сақлаб қолиш ва кучайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бунда гап айрим зоналарда режалаштирилаётган биноларнинг қаватлари сонини камайтириш ва очиқ майдонлар яратиш ҳақида бормоқда.

Бундан ташқари, турар жой мавзеларида датчиклар ёрдамида ҳаво айланиши мониторинги олиб борилади ва ҳаво ҳаракатини тезлаштиришга хизмат қилувчи омиллар аниқланади.

Лойиҳада қуйидаги кўрсаткичларга эришиш учун инфратузилмавий асослар яратиш ҳам кўзда тутилган:

  • шаҳардаги ўртача шамол тезлигини (ердан 1,5−3 метр баландликда) 25 фоизгача — 0,8 дан 1 м/с гача ошириш;
  • йил давомида шамол йўқлиги сабабли ифлосланган ҳаво туриб қоладиган кунлар сонини 30 фоизга қисқартириш;
  • ҳавода ПМ2,5 заррачалари концентрацияси юқори бўлган кунлар миқдорини 25 фоизга камайтириш;
  • ёз мавсумида кўчалардаги бинолар ва инфратузилма туфайли ҳосил бўладиган ҳаво ҳароратини 0,5−1,5 даражага пасайтириш.

Тошкентдаги шамол оқимлари ва табиий вентиляция мониторинги бўйича ҳамма учун очиқ онлайн-харитани ишга тушириш режалаштирилмоқда. Тадқиқотлар якунлари бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва шундан сўнг тегишли ўзгартиришларни пойтахтнинг бош режасига киритиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2025 йил 18 ноябрдаги қарори билан бинолар қурилишида шамол йўналиши ва тезлигини, шунингдек, қурилишнинг ҳаво айланишига таъсирини ҳисобга олишни мажбурий қиладиган стандарт ишлаб чиқиш топширилган эди. Аввалроқ экспертлар кўплаб қурувчилар «шамол гули»ни инобатга олмаётганини таъкидлаган эдилар.