
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик ошгани кузатилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) шарҳида сўз боради.

Марказ ҳисоб-китобларига кўра, йил давомида мамлакатда 295 мингга яқин уй-жой олди-сотди шартномаси тузилган бўлиб, бу 2024 йилдаги кўрсаткичдан 15 фоиздан кўпроққа ошган. Фаолликнинг энг сезиларли ўсиши Бухоро (+25,7%), Сирдарё (+23,3%) ва Самарқанд (+19,7%) вилоятларида қайд этилди.
Мамлакат бўйича жами битимларнинг қарийб 30 фоизи Тошкент шаҳри бозорига тўғри келди. Пойтахтда уй-жой савдоси ҳажми 18,2 фоизга ошиб, 84 мингтага яқин битимни ташкил этди.
Иккиламчи бозордаги нархлар
ИТИМ маълумотларига кўра, Республика бўйича иккиламчи уй-жой нархларининг ўсиши ўртача 7,9 фоизгача тезлашди, ваҳоланки бир йил олдин бу кўрсаткич 6,2 фоизни ташкил этган эди.

Нархлар ўсишининг энг юқори суръатлари Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистонда кузатилди — йил давомида қарийб 17 фоиз.
2025 йил якунига келиб, иккиламчи уй-жойнинг энг юқори нархлари Тошкент шаҳрида сақланиб қолди. Нисбатан юқори кўрсаткичлар, шунингдек, Самарқанд вилоятида — бир кв. м учун 834 доллар (йил давомида +11,2%) ва Тошкент вилоятида — бир кв. м учун 682 доллар (+3,8%) қайд этилди.
Энг паст нархлар Қорақалпоғистон Республикасида кузатилди — ўртача бир кв. м учун 378 доллар (+15,6%). Шунингдек, нисбатан арзон уй-жойлар Сирдарё (+12,4%) ва Қашқадарё (+8,7%) вилоятларида қайд этилиб, у ерда бир квадрат метр қиймати тегишлича 450 ва 458 долларни ташкил этди.
Тошкент уй-жой бозори
Пойтахтнинг иккиламчи уй-жой бозорида бир квадрат метрнинг ўртача нархи 2025 йилда сезиларсиз даражада — 0,6 фоизга ошиб, 1104 долларни ташкил этди (2024 йилда 2,3 фоизлик пасайиш бўлган эди). Бунда нархларнинг энг сезиларли пасайиши Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида кузатилди — тахминан 5 фоиз атрофида.
Шу билан бирга, Тошкентнинг бирламчи бозорида нархлар ўсиши яққолроқ намоён бўлди: уй-жойнинг ўртача қиймати йил давомида 9 фоиздан кўпроққа ошди. Энг катта ўсиш Миробод (+18%), Яшнобод (+14%) ва Мирзо Улуғбек (+13,5%) туманларида қайд этилди.
Ҳудудлар орасида нархлар пасайиши Андижон вилоятида (декабрь ойида -4,7%, йил давомида -2,4%) рўйхатга олинди.
Уй-жой ижараси

2025 йил якуни ҳолатига кўра, Тошкентда уй-жой ижарасининг ўртача нархи бир кв. м учун 8,8 долларни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 7 фоизга юқори.
Энг юқори ижара ставкалари пойтахтнинг марказий туманлари — Шайхонтоҳур, Миробод ва Яккасаройда сақланиб қолди ва у ерда кўрсаткич бир кв. м учун тахминан 11 доллар даражасида бўлди.
Шу билан бирга, ижара ставкалари ўсишининг энг сезиларли тезлашиши Олмазор, Яшнобод ва Шайхонтоҳур туманларида қайд этилди — йил давомида ўртача 11 фоиз атрофида.
2025 йилнинг дастлабки 9 ой якунларига кўра Марказий банк ўз шарҳида янги қурилган уйлар нархи сўмда 2,4 фоизга ва долларда 5,5 фоизга, иккиламчи бозорда эса 1,8 фоиз ва 5 фоизга ошганини хабар қилган эди. Бозор ўсиши асосан хусусий уй-жойлар ҳисобига таъминланди. Сотувчилар активлар қийматини сақлаб қолиш мақсадида нархларни долларда белгиламоқдалар.