Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 13/01/2026

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бельгиянинг янги тайинланган элчисини қабул қилди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Бельгиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган элчиси Эрик Де Майердан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари дипломат билан у вакиллик қилаётган мамлакат билан икки томонлама муносабатларни муҳокама қилди. Бахтиёр Саидов Ўзбекистон ва Бельгия ўртасида савдо, инвестиция ва ишбилармонлик ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Бельгия ТИВ ноябрь ойида мамлакатнинг Марказий Осиёдаги дипломатик иштирокини кенгайтириш доирасида Тошкентда элчихона очиш режаларини эълон қилган эди. «Бу жадал ривожланаётган минтақа бўлиб, унда Бельгия ўз позициясини янада қатъийроқ намоён этиши керак», — деган эди ўшанда Бельгия ТИВ раҳбари Максим Прево.

Тошкентда элчихона очилиши 2026 йилда кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон бўйича юрисдикцияга эга бўлган Қозоғистондаги дипломатик миссия сайтида айтилган. Аввалроқ Бельгия Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Қозоғистонда элчихонасига эга эди, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда эса унинг фахрий консулликлари фаолият юритган.

Эрик Де Майер 1966 йил 6 июлда туғилган, Антверпен университетининг юридик факультетини ва Лёвен университетининг халқаро муносабатлар факультетини тамомлаган.

У Лёвен университетининг Европа сиёсати институтида (ҳозирги LINES) илмий ходим ва БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Лагосдаги (Нигерия) ассоциацияланган эксперти бўлган.

Бельгия ТИВ тизимида Вьентьян (Лаос) шаҳрида атташе, Жазоирда ҳамкорлик бўлими бошлиғи, Ла-Пас (Боливия) шаҳрида миссия раҳбари, Женева (Швейцария) шаҳрида маслаҳатчи, Брюсселда гуманитар ёрдам ва ўтиш даври бўйича директор ҳамда Нигер ва Чадда муваққат ишлар вакили лавозимларида ишлаган.

2025 йил август ойидан буён Бельгиянинг Қозоғистондаги, октябрь ойидан эса Қирғизистондаги элчиси ҳисобланади. Унинг қароргоҳи Остона шаҳрида жойлашган.