
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 12 январь куни мамлакатнинг энг йирик газ қазиб олувчи компанияси — «Ўзбекнефтгаз»нинг келгусидаги вазифалари ва режалари билан танишди.
Табиий газ захираларини кўпайтириш ва уни қазиб олиш ҳажмини ошириш «Ўзбекнефтгаз»нинг асосий вазифаси этиб белгиланди. Компанияга кунлик газ қазиб олиш ҳажмини 66 миллиондан 70 миллион кубометргача етказиш, шунингдек, 2026 йилда камида 25,4 миллиард кубометр газ ишлаб чиқаришни таъминлаш чораларини кўриш топширилди.
«Ўзбекнефтгаз» компанияси 2024 йил якунида 2025 йилда 26,5 миллиард кубометр табиий газ қазиб олишни режалаштираётганини эълон қилган эди. Бироқ компаниянинг собиқ раҳбари Баҳодир Сидиқов октябрь ойи охирида берган интервьюсида газ ҳажми 25 миллиард кубометрдан ортиқ бўлиши кутилаётганини маълум қилган.
Нафтани қайта ишлаш
Тақдимот давомида давлат раҳбари мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш бўйича таклифларни ҳам кўриб чиқди. Хусусан, газ захираларини кўпайтириш учун янги истиқболли инвестиция блокларини шакллантириш, шунингдек, инвесторларга берилган бир қатор участкаларда ишларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш режалаштирилмоқда.
Нафтани қайта ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Маълум қилинишича, уни ишлаб чиқариш бўйича мавжуд қувватлардан атиги 70 фоиз фойдаланилмоқда, маҳсулот эса 50 фоизгача чегирма билан экспорт қилинмоқда. Нафтани (нефт фракцияси, нефт кимёси ва полимерлар ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида ишлатилади) полимер маҳсулотларига қайта ишлаш қўшилган қийматни олти баробарга ошириш имконини беришини инобатга олиб, Президент мавжуд қувватларни тўлиқ юклаш чораларини кўришни топширди.
Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз»нинг молиявий ҳолатини яхшилаш ва компанияда молиявий интизомни ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Тақдимот билан чиқиш қилган компаниянинг янги раҳбари Абдуғани Сангинов компаниядаги талон-торожлик ва коррупцияга қарши курашиш чораларини кўриши лозим. Коррупция хавф-хатарларининг олдини олиш мақсадида компания тузилмасида раис ўринбосари алоҳида лавозими жорий этилди, шунингдек, комплаенс ва ички коррупцияга қарши назорат хизмати ташкил этилди. Қонунчиликнинг ҳар қандай бузилишини тезкор аниқлаш ва олдини олишнинг самарали тизимини шакллантириш вазифаси қўйилди.
Энергетика институти баҳосига кўра, 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда тасдиқланган табиий газ захиралари 1,97 триллион кубометрни ташкил этган. Шу билан бирга, сўнгги йилларда қазиб олиш ҳажми камаймоқда.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ Ўзбекистон 2026 йилда янги конлар ҳисобига газ қазиб олишнинг кўп йиллик пасайишини барқарорлаштиришни режалаштираётганини маълум қилган эди. Бунда Мўйноқ туманидаги мамлакатнинг энг юқори дебитли қудуғи бурғиланган янги кон ёрдам бериши керак.

