
Ўзбекистонда ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими ишга туширилган 2025 йилнинг июнь ойидан буён 165 210 нафар ҳайдовчига баллар ҳисобланган. Шу билан бирга, 50 мингдан ортиқ ҳайдовчи ноябрь ва декабрь ойлари учун жарима балларини олган. Бу ҳақда ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 3 нафар ҳайдовчи максимал 12 баллдан 7,5 баллдан 8 баллгача олган бўлиб, бундан сўнг ҳайдовчилар олти ой муддатга автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Яна 2 кишида 6,5 баллдан 7 баллгача, 12 кишида 5,5 баллдан 6 баллгача миқдорда балл мавжуд.
Жарима баллари қўлланилган ҳайдовчиларнинг аксарият қисми — 165 193 нафари 0,5 баллдан 5 баллгача олган.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб жарима баллари автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари ёрдамида аниқланган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам ҳисобланади. Биринчи босқичда баллар фақат ЙҲХХ ходимлари томонидан расмийлаштирилган баённомалар асосида берилган эди.
Аввалроқ 5 ой ичида — июнь ойидан октябрь ойигача 114 382 нафар ҳайдовчига жарима баллари ёзилгани хабар қилинганди. Қайд этилишича, йўл-транспорт ҳодисаларининг умумий сони 6,3 фоизга, ҳайдовчилар айби билан содир бўлган авариялар сони эса 31,2 фоизга камайган.
Жарима баллари ҳақидаги маълумотни Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Safe Road мобиль иловаси (iOS, Android) ёрдамида текшириш мумкин.

