Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 01/01/2026

Тошкент ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси бўйича ўринбосари тайинланди

Абдураҳмон Абдурашидович Бахтиев Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси бўйича янги ташкил этилган ўринбосари лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу лавозим Ўзбекистон президентининг 2025 йил 4 декабрдаги Тошкент шаҳрида транспорт тизимини бошқаришни такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш тўғрисидаги қарори билан жорий этилган эди. Қарор билан Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказини ташкил этиш, унинг функция ва ваколатлари маъқулланган. Шу билан бирга, ҳокимликда транспорт тизимини самарали ташкил этишни таъминлаш бўйича котибият тузилган.

Абдураҳмон Бахтиев 1984 йилда туғилган. 2007 йилда Тошкент давлат юридик институтини, 2012 йилда эса Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган.

2019 йилдан буён Ўзбекистон Президенти Администрацияси масъул ходими сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

Эндиликда пойтахт ҳокими ўринбосарларининг сони, икки нафар биринчи ўринбосарни ҳисобга олган ҳолда, 10 нафарга етди.