
Streetpark Systems компанияси (Тошкентда Poytaxt Parking бренди остида фаолият юритади) пулли йўл бўйи тўхташ жойлари хизматини кўрсатиш соҳасида устун музокара кучига эга деб топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Рақобат тўғрисидаги қонунга кўра, устун музокара кучи деганда, устун мавқега эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳининг битим шартларини, товарларни реализация қилиш ҳудуди ва нархини белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имконияти тушунилади.
Қонун устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлайди (бу рақобатга зид ҳаракат деб ҳисобланади), чунки бу рақобатнинг чекланишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг, шунингдек, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилишига олиб келиши мумкин.
Бундай ҳаракатларга монопол юқори ёки монопол паст нархларни белгилаш, бошқа субъектларнинг бозорга киришига тўсқинлик қилиш, шартнома предметига тегишли бўлмаган шартларни мажбуран тиқиштириш ва бошқалар киради.
Пулли тўхташ жойлари тизими пойтахтда шу йилнинг баҳорида шаҳар ҳокимининг 2024 йил декабрдаги қарорига мувофиқ жорий этилган эди. Ушбу ҳужжат билан пулли тўхташ жойлари нархлари ҳам тасдиқланган — ҳудудга қараб бир соат учун 5000 дан 12 минг сўмгача (жами 5 та ҳудуд). Poytaxt Parking 2025 йил 8 майдан ишлай бошлаган ушбу тизимнинг оператори ҳисобланади.
2026 йил 1 февралдан пулли йўл бўйи тўхташ жойларидан фойдаланиш учун резидентлик рухсатномалари тизими жорий этилади, унинг қиймати барча 5 та ҳудуд учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараварини ташкил этади.

