Тошкентда 8 майдан пуллик йўл бўйи парковкаси жорий этилади. У қандай ишлайди ва пуллар қаерга кетади

Тошкентнинг 6 кўчасида 2025 йил 8 майдан бошлаб пуллик парковка тизими жорий этилмоқда. Бу ҳақда 5 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида тизим оператори бўлган StreetPark Systems компанияси вакиллари маълум қилишди.

Биринчи босқичда пуллик автотураргоҳ Амир Темур хиёбони атрофини, Истиқбол, Зарафшон, Бухоро, шунингдек, Шаҳрисабз ва Миробод кўчаларини қамраб олади. Умумий автотураргоҳлар сони 680 тани ташкил этади. Ушбу ҳудудларда йўл ахборот белгилари, 5.15.1 (“Пуллик тўхташ жойи”) ва 3.27 (“Тўхташ тақиқланган”) ўрнатилиб, махсус чизиқлар чизилмоқда.

Кўпгина ҳайдовчилар ҳозирча чизиқларга эътибор беришмаяпти. Инспекторлар ва камералар томонидан назорат бошлангандан сўнг бу ўзгариши керак.

Компаниянинг аниқлик киритишича, 2025 йил 30 майгача пуллик парковка зонаси 15 та кўчагача кенгаяди. Июль ойи охиригача тизим яна 30 та кўчани қамраб олади, сентябрь ойига келиб эса аввал эълон қилинган 86 та кўчанинг барчаси 13 208 та автотураргоҳ билан уланади.

Пуллик парковка учун тариф зоналари соатига турли хил суммаларда рангларга бўлинади: қизил зона – 12 000 сўм, тўқ сариқ – 10 000 сўм, яшил – 8 000 сўм, кўк – 6 000 сўм, бинафша – 5 000 сўм. Парковка учун Poytaxt Parking мобил иловаси, Paynet терминаллари, шунингдек, Payme, Click, Uzum Bank ва бошқа электрон тўлов тизимлари орқали тўлаш мумкин бўлади.

Тошкентда пуллик автотураргоҳ зоналари

StreetPark Systems директори Қудратбек Яқубовнинг сўзларига кўра, мобил илова бўш парковка жойларини топиш имконини ҳам беради. У 2025 йил 10 майгача App Store ва Google Play’да мавжуд бўлади.

Барча парковка жойларининг тахминан 5% ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган – бу зоналар тегишли белгилар билан жиҳозланади ва уларда рухсатсиз парковка қилиш амалдаги қоидаларга мувофиқ жаримага олиб келади. Тез ёрдам ва фавқулодда хизматлар автомобиллари учун парковка бепул бўлиб қолади.

Компания лойиҳа менеджери Акмал Юсуповнинг таъкидлашича, яқин вақт ичида парковка тарифини тўламаган ҳайдовчилар жаримага тортилмайди, чунки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга пуллик парковка жойи учун тўламаслик бўйича жарима тўғрисидаги норма киритилмаган.

Унинг сўзларига кўра, StreetPark Systems Тошкент шаҳар ҳокимиятига қонунчиликка тегишли ўзгартиш киритиш бўйича таклиф киритган. Шаҳар маъмурияти, ўз навбатида, бу ҳақда қонун лойиҳасини ишлаб чиқади. Ўзгартишлар 2025 йилнинг 3-4 чоракларида кутилмоқда.

“Ҳозир компаниянинг устувор вазифаси ҳайдовчиларни парковка учун пул тўлашга ўргатиш, уларга бу тизим нима эканлигини, қандай парковка қилишни тушунтиришдир”, – деди Акмал Юсупов.

Бу вазифани планшетлар билан жиҳозланган махсус пиёда инспекторлар бажаради. Бугунги кунга қадар компания 8 нафар мутахассисни ўқитди. Ёз охиригача уларнинг сонини 50 тага етказиш режалаштирилган. Улар барча 86 та кўчада парковкани назорат қилишлари кутилмоқда.

Парковка учун тўловни парковка жойларига ўрнатиладиган стационар камералар ёрдамида ҳам назорат қилиш режалаштирилган. Бундан ташқари, компания камера ва махсус тизим билан жиҳозланган мобил комплекслар – автомобиллар сотиб олади. Машиналар кўчаларни патрул қилади ва парковка учун тўламаган ҳайдовчиларни аниқлайди.

Келгусида, фойдаланувчилар янгиликка ўргангач, қўшимча тарифлар ва қулай опциялар – тунги, кундузги, байрам ва дам олиш кунлари тарифларини жорий этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, яқин ойларда резидентлик тарифларини ишга тушириш режалаштирилган, шунда фуқаролар яшаш жойлари яқинида махсус шартларда парковка қилишлари мумкин бўлади. Ҳозир бу масалалар Тошкент шаҳар ҳокимияти билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда.

Тартибсиз парковка ва тирбандлик шаҳар муҳитининг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Пуллик парковканинг жорий этилиши жойни тартибга солишга, бўш жой қидириш вақтини ва ортиқча қатновлар сонини қисқартиришга, шунингдек, айниқса шаҳар марказида транспорт вазиятини яхшилашга ёрдам бериши керак, деди Қудратбек Яқубов.

“Лойиҳанинг асосий мақсадлари – кўчалардаги парковкани тартибга солиш, тротуарларни бўшатиш, жойларнинг айланиш даражасини ошириш ва тирбандликни камайтириш. Узоқ муддатли истиқболда бу экологик вазиятни яхшилаш ва шаҳарликларнинг ҳаракатчанлигини оширишга ёрдам бериши керак”, – дея қўшимча қилди у.

“Шаҳар ҳудуди чексиз эмас ва шахсий эҳтиёжлар ва шаҳар имкониятлари ўртасида мувозанатни топиш муҳим. Парковка пуллик бўлганда, ҳайдовчи рулга ўтириш ёки жамоат транспортидан фойдаланиш ҳақида ўйлай бошлайди”, – деди компания маслаҳатчиси Сергей Мариничев, аввал Москва ва Олмаотада пуллик парковкаларни жорий этишда иштирок этган.

Акмал Юсуповнинг сўзларига кўра, бу универсал ечим эмас, балки шаҳарга “нафас олиш”га ёрдам берадиган воситалардан биридир. Вазиятни яхшилаш учун, таъкидлади у, барча шаҳар хизматларининг мувофиқлаштирилган иши зарур.

2026 йил охиригача пуллик парковка жойлари сонини 38 600 тага, 2030 йилга келиб эса 84 000 тага етказиш режалаштирилган.

Пуллик парковкадан тушган даромадлар қаерга йўналтирилади?

StreetPark Systems 13 208 та автотураргоҳ учун ер ижараси сифатида Тошкент шаҳар ҳокимияти балансига ҳар йили 63 миллиард сўм ўтказади. Компания йилига яна 9 миллиард сўмни иловадан фойдаланганлик учун шаҳарга ўтказади.

Тизим иш бошлаганининг биринчи йилида компания Тошкент шаҳри йўл ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига 55 миллиард сўм ўтказади. Учинчи йилга келиб, жарималар жорий этилиши ва ҳайдовчилар интизомининг ошиши ҳисобига бу сумма йилига 120 миллиард сўмгача ошади. Маблағлар шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришга: йўллар қурилиши ва таъмири, жамоат транспортини ривожлантириш ва кўчаларни ободонлаштиришга йўналтирилади.

Тарифни тўламаслик учун жарималардан ўртача даромад йилига 44 миллиард сўмни ташкил этиши кутилмоқда. Қонунчиликка ўзгартишлар киритилгунга қадар бу маблағларни тақсимлаш тартиби номаълумлигича қолмоқда.

Компаниянинг солиқ тўловлари (ҚҚС ва фойда солиғи) биринчи йилда 8,5 миллиард сўмни ташкил этади. Келгусида бу сумманинг ошиши кутилмоқда.

StreetPark Systems лойиҳани ишга туширишга 10 миллион доллар инвестиция киритди. Маблағлар дастурий таъминотни, жумладан мобил иловани, қоидабузарликларни назорат қилиш тизимини, давлат органлари тизимлари билан интеграцияни ишлаб чиқишга сарфланди. Компания, шунингдек, йўл ҳаракатини ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, асфальтлаш ва бордюрларни ўрнатиш, чизиқларни чизиш, йўл белгилари ва видеокузатув камераларини ўрнатиш ишларига ҳам инвестиция киритди.