2024 йилда Ўзбекистонда расман 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилди. Бу ҳақида 2025 йил 24 январь жума куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати йиғилишида маълум қилинди.
Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 475 тага ёки 4,8% га камайди. 2023 йилда ЙТҲ сони 9839 та бўлган, 2022 йилда 9902 та, 2021 йилда эса 10001 тани ташкил этган.
Ўтган йили ЙТҲларда жабрланганлар сони 9209 нафардан 8901 нафаргача камайган (3,3% га кам). ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар сони ҳам камайган — 2203 киши (79 нафарга, ёки 3,5% га кам).
2024 йилда жабрланган ва ҳалок бўлган болалар ҳақидаги маълумотлар аниқланмади. 2023 йилда болалар иштирокида 1794 та ЙТҲ содир бўлган. Уларда 1568 бола жабрланган ва 263 бола ҳалок бўлган. 2022 йил учун тўлиқ маълумотлар эълон қилинмаган, аммо ўша йилнинг 10 ойида 226 бола ҳалок бўлгани қайд этилган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов статистикани эълон қилиб, ЙТҲларнинг асосий сабаблари сифатида фуқароларнинг қонунчиликда белгиланган масъулиятни эътиборсиз қолдириши ва йўл ҳаракати қоидаларини билмаслигини таъкидлади.
ЙТҲлар сонининг кўпайишига таъсир этувчи омиллар орасида у амалдаги қонунчиликда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши учун жазо муқаррарлигини таъминлайдиган самарали механизмларнинг етишмаслигини ҳам қайд этди.