
Тошкентда йўл-патруль хизмати инспекторларига автомобиллар томонидан уриб кетиш ҳолатлари кўпаймоқда. ИИВ ЙҲХБ бош бошқармаси сўнгги кунларда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида маълумот берди.
Шундай ҳодисалардан бири 2025 йил 23 апрель куни соат 8:30 ларда Дурмон йўли ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида содир бўлди. Йўл ҳаракатини тартибга солаётган ЙПХ инспектори Анвар Тоштемировни Tracker 2 автомобили ҳайдовчиси уриб кетди.
Беморхонада инспекторнинг ҳар икки қўлида кўплаб тирналишлар, тўш суяги сингани, чап тизза ва оёқнинг юмшоқ тўқималарида кўкаришлар аниқланди.
«Мен тирбандликни бартараф этиш учун чорраҳа марказига чиқдим. Қайси қатордан келганини аниқ билмайман — учинчи ёки тўртинчидан бўлиши мумкин — Tracker 2 автомашинаси келиб, мени уриб кетди. У ерда бўлган ҳамкасбларим — Миллий гвардия ходимлари — дарҳол биринчи тиббий ёрдамни кўрсатишди», — деди инспектор.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов текшируви олиб борилмоқда.
Бошқа ҳолат эса Нукус кўчасида содир бўлди. Malibu-2 ҳайдовчиси давлат рўйхатидан ўтказиш рақамлари йўқ, тўлиқ қорайтирилган ойна ва сирена ўрнатилган ҳолда ҳаракатланган.

ЙҲХБ ходими уни тўхтатиш учун ишора берган, бироқ ҳайдовчи қонуний талабга бўйсунмай, инспекторни автомобиль капотида тахминан 1,5 км масофага олиб кетган.
Ҳайдовчи ушланган. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қарши қаршилик кўрсатиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчи қамоққа олинган, автомобиль жарима майдонига жойлаштирилган.