Тошкентда йўл бўйлаб биринчи пуллик автотураргоҳлар тест режимида ишга тушмоқда

Тошкентда йўл бўйлаб биринчи пуллик автотураргоҳлар тест режимида иш бошламоқда. Пойтахтда пуллик автотураргоҳларни ташкил этиш ҳуқуқи учун ўтказилган савдоларда ғолиб бўлган Streetpark Systems компанияси бу маълумотни тасдиқлади.

Бундай автотураргоҳлардан бири Амир Темур хиёбони ҳудудида жойлашган бўлиб, махсус белги – тўқ сариқ фондаги катта “P” ҳарфи билан белгиланган. Тўхташ нархи соатига 12 минг сўмни ташкил этади, тўламаслик учун жарима назарда тутилган. Компаниянинг аниқлик киритишича, жавобгарликни жорий этиш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар аллақачон ишлаб чиқилмоқда ва улар жорий йилнинг 3-4-чорагида қабул қилиниши мумкин.

Автотураргоҳ учун Poytaxt Parking мобил иловаси орқали ёки Paynet терминаллари орқали нақд пулда тўлаш мумкин. Иловани ишлаб чиқиш билан “Пулллик автотураргоҳлар” ягона ахборот тизимини яратиш ва техник қўллаб-қувватлаш ҳуқуқини ҳам олган Streetpark Systems компанияси шуғулланмоқда.

Компаниянинг қайд этишича, лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан амалга оширилмоқда ва шаҳар маъмуриятининг иккита қарорига асосланган:

  • Пулллик автотураргоҳлардан фойдаланиш қоидалари, тўлов зоналари ва техник стандартларни белгиловчи 2024 йил 16 октябрдаги 731-14-0-Q/24-сонли ҳоким қарори;
  • Пулллик автотураргоҳ жорий этиладиган 86 та кўча рўйхатини тасдиқловчи ва лойиҳани амалга ошириш жадвалини ўз ичига олган 2024 йил 21 октябрдаги 752-14-0-Q/24-сонли ҳоким қарори.

Лойиҳанинг техник оператори Streetpark Systems компанияси бўлиб, у бутун лойиҳани Poytaxt Parking муниципал бренди остида амалга оширмоқда.

“Мобил иловага келсак, лойиҳанинг расмий ишга туширилиши ҳали бўлиб ўтмагани сабабли, у вақтинча App Store ва Google Play’да ўчириб қўйилган. Биз ишга тушириш кунига тўлиқ техник тайёргарликни таъминлаш мақсадида тақдимотни атайлаб кечиктирдик”, – дея маълум қилди компания ва 5 май куни матбуот анжуманини ташкил этиш режалари ҳақида хабар берди.

Пулллик автотураргоҳлар ҳақида

2024 йиш 13 ноябрь куни Тошкентда пуллик автотураргоҳларни ташкил этиш ҳуқуқи учун аукцион эълон қилингани ҳақида ёзган эдик.

Бир лот доирасида шаҳарнинг барча туманларида 262,8 минг кв. м майдонни, шу жумладан метро станцияларидан 200 м радиусда 6571,3 кв. м майдонни ижарага бериш режалаштирилган эди. Топографик харитага кўра, умумий узунлиги 111,6 км бўлган 86 та участка ҳақида сўз бормоқда.

Майдонларнинг катта қисми Миробод (71,9 минг кв. м), Яккасарой (36,5 минг кв. м), Сергели (29,5 минг кв. м), Шайхонтоҳур (27,8 минг кв. м) ва Олмазор (26,7 минг кв. м) туманларига тўғри келади.

Ижара муддати 36 ойни ташкил этади. Икки йил ичида ижарачи автотураргоҳларни жиҳозлаш ва уларни фойдаланишга топшириш, паркоматлар ва ҳаракатни ташкил этиш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш, шунингдек, муҳандислик ва коммуникация тармоқларига уланиш учун камида 5 миллион доллар инвестиция киритиши керак.

Пулллик автотураргоҳлар соатига 5, 8, 10 ва 12 минг сўмлик тўртта тариф зонасига бўлинган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган максимал тариф соатига 30 минг сўм даражасида белгиланган.

Тўлов назорати видеокамералар ва махсус планшетлар ёрдамида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябрь ойи охирида Balcomuz қўшма корхонаси Тошкент кўчаларининг 86 та участкасида пуллик автотураргоҳларни ташкил этиш бўйича аукцион ғолиби бўлган эди. Компания автотураргоҳлар учун майдонларни уч йиллик ижарага олиш учун 120 миллиард сўмдан ортиқ маблағ таклиф қилган, бироқ у билан ҳам, захирадаги ғолиб билан ҳам шартнома тузилмаган, деб хабар берган эди E-Auksion.

2024 йил 17 декабрь куни бўлиб ўтган такрорий аукционда 62,93 миллиард сўм таклиф қилган Streetpark Systems компанияси ғолиб бўлди. У шунингдек “Пулллик автотураргоҳлар” ягона ахборот тизимини яратиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича савдоларда ҳам ғолиб бўлди.