Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов 2025 йил25 февраль куни матбуот анжуманида 2024 йилда ҳайдовчилар томонидан қоидабузарликлар бўйича маълумотларни тақдим этди.
ЙҲХХ раҳбарининг сўзларига кўра, ўтган йили республикада автомобиллар сони 600 мингтага ошган, аҳоли сони эса деярли 1 миллион кишига кўпайган. Ушбу омиллар йўл ҳаракати иштирокчилари сонининг ортишига таъсир қилганига қарамай, мамлакатда «йўл-транспорт ҳодисаларининг (ЙТҲ) умумий сони камайиш тенденцияси сақланиб қолмоқда», деди у.
Бундан ташқари, ЙТҲ сони 100 минг аҳолига нисбатан ҳисобланган рейтингда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида иккинчи ўринни эгаллади, биринчи ўрин эса Озарбайжонга тегишли. 2019 йилда республика бешинчи ўринда эди, деб таъкидлади, аммо статистик маълумотларнинг тафсилотларини ошкор этилгани йўқ.
«2024 йил давомида ҳайдовчилар ЙҲҚни деярли 20 миллион марта бузган, шунингдек, 10 ва ундан ортиқ марта қоидабузарлик қилган ҳайдовчилар сони 38 мингдан ошди. 2024 йилда қайд этилган 9000 дан ортиқ ЙТҲнинг 46%и йил давомида 10 ва ундан ортиқ марта қоида бузган ҳайдовчилар айби билан содир бўлган», — деди ЙҲХХ раҳбари.
Қоидабузарликлар сони 2023 йил кўрсаткичи (16 миллиондан ортиқ) билан солиштирилганда тахминан 25%га кўпайган. Ўшанда 13 миллиондан ортиқ жиддий ЙҲҚ бузилиши содир этилган, 42 мингдан зиёд маст ҳолда машина бошқариш ҳолатлари ва 300 мингдан ортиқ пиёдалар томонидан қоидабузарликлар қайд этилган эди. ЙҲХХ вакиллари қоидабузарликлар сонининг ошиш сабабларини тушунтирмаган.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, 5 миллиондан ортиқ рўйхатга олинган транспорт воситаларидан 1,25 миллиони йил давомида бирорта ҳам ЙҲҚ бузилиши содир этмаган.
ЙҲХХ вакили Азиз Раҳматуллаевнинг маълум қилишича, 20 миллионга яқин қоидабузарлик учун белгиланган жарималарнинг умумий суммаси 1 трлн сўмдан ошган.
ЙҲХХнинг яна бир вакили Азизхон Муродовнинг айтишича, йиғилган барча жарималар маблағлари давлат бюджетига йўналтирилади.