
Ўзбекистонда Йўл ҳаракати қоидаларини 5 турдаги қўпол равишда бузганлик учун автомобилларни вақтинчалик олиб қўйиш тарзидаги жазо чораси жорий этилиши мумкин. Бу ҳақда 2026 йил 11 июнь куни президент ҳузурида ўтказилган йиғилишдан сўнг ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов маълум қилди.
Идоралараро ишчи гуруҳ ЙҲҚни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича таклифлар пакетини ишлаб чиқди ва давлат раҳбарига тақдим этди.
«Бугунги кунда фуқаролар томонидан транспорт воситасини бошқаришни вояга етмаган фарзандларига топшириш ҳолатлари йўлларда ўлим ёки жароҳатланишнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Йўлларда, айниқса аҳоли пунктларида пойгалар ташкил этилмоқда, бу эса ҳаракат хавфсизлигига жиддий хавф туғдирмоқда», — деди ЙҲХХ раҳбари «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.
Унинг сўзларига кўра, қўпол ҳуқуқбузарликларни такроран содир этаётган шахсларга ҳам жарималарни чегирма билан тўлаш имкониятининг берилиши бу каби қоидабузарликларни давом эттириш учун шароит яратмоқда.
«Шуни ҳисобга олган ҳолда, 5 турдаги қўпол ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо турларига автотранспорт воситасини вақтинчалик олиб қўйишни киритиш таклифи киритилди. Шунингдек, транспортни бошқаришни вояга етмаган шахсларга топширганлик, ноқонуний пойгалар ташкил этганлик ва унда бевосита иштирок этганлик, шунингдек, тунги вақтда юк транспорт воситаларини йўл четида қолдирганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик чораларини жорий этиш кўзда тутилмоқда», — деб баёнот берди.
Транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бу ҳуқуқдан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилган йўл безорилиги учун транспорт воситасини мусодара қилиш ёки уни вақтинчалик олиб қўйишни қўшимча равишда қўллаш (ҳозирда фақат БҲМнинг 50 баравари миқдорида жарима ва 15 суткагача қамоқ), автомобильни маст ҳолатда бошқарганлик учун эса 15 суткагача муддатга қамоқ жазосини қўллаш (ҳозирда бундай жазо фақат ҳуқуқсиз маст ҳолда ҳайдаганда қўлланилади, қоидабузарликнинг ўзи учун эса уч йилга ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда БҲМнинг 40 баравари миқдорида жарима кўзда тутилган) таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, қўпол қоидабузарликлар содир этилганда бир йил давомида жаримани тўлаш учун чегирма қўлланилмайди. Ҳозирги вақтда қоидабузарлар жарима суммасининг 50 фоизини 15 кун ичида ёки 70 фоизини 30 кун ичида тўлашлари мумкин.
Энг қаттиқ чоралар болаларининг автомобиль бошқаришига йўл қўйган ва бу тан жароҳати етказилиши, инсон ўлими, ҳалокат ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келган автомобиль эгаларига тегишли бўлади. Бунинг учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни жорий этиш режалаштирилмоқда.