
2025 йил 28 апрель куни Европанинг бир нечта мамлакатларида кенг кўламли электр таъминоти узилиши рўй берди, деб хабар бермоқда Guardian ва CNN.
ОАВ ёзишича, Португалия, Испания ва бутун Пиреней яриморолида миллионлаб одамлар электр таъминоти муаммоларига дуч келди.
Euronews’нинг хабар беришича, Андорра ва Франциянинг айрим ҳудудларида ҳам электр таъминотида муаммолар кузатилган. Шунингдек, Бельгияда ҳам узилишлар қайд этилган.
Испаниянинг RTVE телерадиокорпорацияси маълум қилишича, электр таъминотидаги узилишлар маҳаллий вақт билан тахминан 12:30 да бошланган. Испания парламенти ҳам чироқсиз қолган. Мадридда Барахас аэропорти фаолияти вақтинча тўхтаган. Барселона, Валенсия ва Мадрид шаҳарларида метро ҳаракати тўхтаган ва светофорлар ўчган.
Португалияда узилиш Лиссабон ва унинг атрофи, шунингдек, мамлакатнинг шимоли ва жанубини қамраб олган. Reuters ёзишича, бутун мамлакат бўйлаб уяли алоқа ва светофорлар ишламай қолган. Лиссабон ва Портуда метро ҳаракати тўхтаган.
Муаммонинг аниқ сабаблари ҳали маълум эмас. Испаниянинг йирик электр компаниялари — Endesa ва Iberdrola — ҳозирда текширув ўтказаётганини маълум қилган. Португалиянинг E-Redes компанияси эса узилиш «Европа электр таъминоти тизимидаги муаммо» сабабли содир бўлганини билдирган.
Испания ва Португалия ҳукуматлари фавқулодда Вазирлар Маҳкамаси йиғилишини чақирди.