Financial Timesнинг хабар беришича, Европа иттифоқи Хитойда ишлаб чиқарилган электромобилларга импорт божини оширишни қўллаб-қувватлади. Унга кўра, амалдаги 10% импорт божларига қўшимча яна 35% гача қўшилиши мумкин.
Ушбу қарор учун Европа иттифоқи мамлакатлари қуйидагича овоз берган:
- маъқуллаган – 10 та
- қарши – 5 та
- бетараф – 12 та
Янги божлар 5 йилгача амал қилиши кўзда тутилган ва божлар миқдори Tesla га 7.8% дан бошлаб, энг қиммати SAIC учун 35.3% ни ташкил этади.
Брюссель 2023 йили октябрь ойида хитойлик электромобилларига нисбатан демпинг бўйича, терговга қадар суриштирув ишларини олиб борган ва еврокомиссиянинг хулосасига кўра, электромобиллар ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқарувчи/етказиб берувчи корхоналарга субсидия, арзон нархдаги ер ва банк кредитлари тақдим қилинганини аниқлаган.
Хитойлик ишлаб чиқарувчилар Европа давлатлари учун таклиф қилинаётган электромобиллар сонини чеклаб, нархини кўтариш таклифи билан чиққан, лекин Европа иттифоқи рад жавобини қайтарган.
Европа автотранспорт ишлаб чиқарувчилари Хитойдан келаётган арзон электромобиллар муаммосига учради. Хитой электромобиллари 2019 йилда Европа бозоридаги улуши 1% дан кам бўлган бўлса, бугунга келиб, ушбу кўрсатгич 8% га етган, 2025 йилда эса 15% га ортиши мумкин.
Одатда хитойлик электромобиллар нархи Европада ишлаб чиқарилган электромобилларга нисбатан 20% арзон.