Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси 2025 йил 11 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оилавий (маиший) зўравонлик жабрдийдаларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қонунни муҳокама қилди.
Таклиф этилаётган асосий ўзгаришлардан бири, агар ажрашаётган томонлардан бири оилавий (маиший) зўравонлик жабрдийдаси бўлса, судда яраштириш учун мажбурий муддат белгиланмаслигидир. Ушбу ўзгартиш, жабрдийда томон учун ҳаёт ва соғлиққа хавф туғдирувчи никоҳни мажбуран сақлаб қолиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилгани таъкидланди. Бу ҳақида Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Ҳозирги кунда, Оила кодексининг 40-моддасига мувофиқ, суд ажрашиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш чоғида томонларнинг яшаш жойидаги яраштириш комиссиясини хабардор қилган ҳолда уларга яраштириш учун олти ойгача муддат белгилаши мумкин.
Йиғилишда таъкидланишича, оилавий зўравонлик ҳолатларида никоҳни ўз вақтида бекор қилмаслик кўпинча фожиали оқибатларга, шу жумладан, аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши ёки уларнинг зўравонлик қурбони бўлишига олиб келади. Янги норма мунтазам зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари кузатиладиган низоли оилаларда оғир жиноятларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида Уй-жой кодексига ўзгартишлар киритиш ҳам назарда тутилган. Хусусан, турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича судда низо келиб чиққан тақдирда, суд мулкдорни кўчирилаётган томонга бошқа тенг қийматли уй-жой тақдим этиш ёки ижара тўловини тўлаб бериш мажбуриятини юклаш ҳуқуқига эга бўлади.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу ўзгартишларнинг қабул қилиниши, айниқса, оилавий зўравонлик жабрдийдалари бўлган аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлади.