
Япониянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Кенжи Хирата бўлди. 2025 йил 28 октябрь куни у ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.
«Ўзаро манфаатли ташаббус ва лойиҳалар туфайли икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик кун тартиби кенгайишда давом этмоқда. Жаноб элчига мамлакатимиздаги фаолиятида катта муваффақиятлар тилаймиз», — деб ёзди вазир ўзининг Telegram-каналида.
Кенжи Хирата Ўзбекистонга 2025 йил 17 октябрь куни етиб келган, дея хабар берди у Япония элчихонасининг Instagram аккаунтида. Бунгача у мамлакатга ташриф буюрмаган ва фақат уч нафар Ўзбекистон фуқароси билан учрашган, дея қайд этди.
«Ўзбекистондаги янги меҳнат фаолиятим ва ҳаётим бошланишини катта қизиқиш ва сабрсизлик билан кутяпман», — деб ёзди элчи.
Кенжи Хирата Токиодаги Хитоцубаши университетида ҳуқуқ бакалаври даражасини олган. У турли йилларда Япониянинг Кубадаги элчиси сифатида хизмат қилган, Перу ва Мексикадаги элчихоналарда ишлаган, Япониянинг Майамидаги (АҚШ) бош консули бўлган.
У Япония ТИВнинг Жанубий Америка ва Кариб ҳавзаси ороллари бўйича бошқармасини бошқарган, шунингдек, Япониянинг БМТ ва Европа Иттифоқидаги доимий ваколатхоналарида, БАА ва Испаниядаги элчихоналарда ишлаган. Япон тилидан ташқари, инглиз ва испан тилларини билади.
Дипломат ўзининг табригида ўзбек миллий таоми бўлган лағмонни татиб кўришга улгургани ва у япон удонига ўхшашини айтди. «Мен бундай таомни ҳеч қачон татиб кўрмаган эдим, унинг таъми менга янги туюлди, лекин дарҳол ёқди. Бой тарихий мероси ва маданий анъаналари билан фахрланувчи Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам мазали ва ранг-баранг таомлар бор», — дея қайд этди Кенжи Хирата.
Кенжи Хирата янги лавозимда 2022 йил декабридан 2025 йилнинг октябрь ойигача Япониянинг Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини бошқарган Такаши Хаторини алмаштирди.

