Ўзбекистон 2025 йилда газни сотишни харид қилишдан кўпроқ амалга ошира бошлади

2025 йил январь–февраль ойларида Ўзбекистон 35,8 миллион АҚШ долларига газ импорт қилди, деб қайд этилган мамлакатнинг ташқи савдоси бўйича Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида.

Бу 2024 йилнинг дастлабки икки ойида Россия ва Туркманистондан етказиб берилган 166,7 миллион долларлик ҳажмдан пул ҳисобида 4,6 баробар камдир.

2025 йил январь ойида «кўк ёқилғи» импорти 27,8 миллион долларни (2024 йил январь ойида $35,6 млн бўлган), февраль ойида эса 8 миллион долларни ($131,1 млн бўлган) ташкил этди. Етказиб берилган газ ҳажми Статистика агентлиги томонидан ошкор қилинмаган.

Импорт ҳажми пасайиши билан Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан кўпроқ газ экспорт қила бошлади. 2025 йил январь–февраль ойларида газ экспорти 42 миллион долларгача кўтарилди, бу 2024 йилнинг мос давридаги кўрсаткич ($26,7 млн)дан қарийб 1,6 баробар кўпдир. 2025 йил январь ойида бу кўрсаткич 21,8 миллион долларни, февраль ойида эса 20,2 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистон асосан Хитойга, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистонга газ етказиб бермоқда.

Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармаси маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан бери Хитой Ўзбекистон газини 49,4 миллион доллар миқдорида импорт қилган, бу 2024 йилнинг икки ойлик кўрсаткичи (57,4 млн доллар)дан 13,9%га кам.

2025 йил январь ойида Хитой Ўзбекистондан 26,1 миллион долларлик газ импорт қилган бўлса, февраль ойида 23,3 миллион долларлик импорт қилган. Газ ҳажмлари ҳам ошкор қилинмаган.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон Қирғизистонга газ экспорт қилишни ҳам қайта бошлади. Агар 2024 йилнинг январь–февраль ойларида қўшни мамлакатга етказиб бериш бўлмаган бўлса, жорий йилда 10,4 миллион кубометр газ 1,84 миллион долларга экспорт қилинди.

Етказиб бериш нархи минг кубометр учун тахминан 177 долларни (1 м.3 учун тахминан 2300 сўм) ташкил этди.

Ўзбекистондан етказилган газнинг бир қисми Тожикистонга йўналтирилган бўлиши мумкин, у ерда 2024 йилда Ўзбекистон газини импорт қилиш 21%га ошиб, 267 миллион кубометрга етди (ойлик ўртача 22,2 млн кубометр).

2020 йил январь ойида Бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон 2025 йилдан газ экспорт қилмаслигини маълум қилган эди. У газни қайта ишлаш ва қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш мўлжалланганини қайд этган.

2022 йилда «Ўзтрансгаз»нинг собиқ раҳбари Беҳзод Норматов ҳам Ўзбекистон 2025–2026 йилларда газ экспорт қилишни тўлиқ тўхтатиши мумкинлигини айтган эди. Ўша пайтда мамлакатда қазиб олинаётган газнинг 10%га яқини Хитойга экспорт қилинган эди.

2025 йил февраль ойида Ўзбекистонда энергия манбалари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари пасайишда давом этди. Газ қазиб олиш бир ойда 5,6%га, нефть — 12,6%, электр энергияси — 3,4%, бензин — 22,4%, дизель ёқилғиси — 43,3%га камайди.

«Ўзатом» раҳбари Азим Аҳмадхўжаев, энергетика собиқ вазири Алишер Султонов сўзларига изоҳ берар экан, «аҳоли ўрганиб қолган истеъмол маданияти бўлмаганида газ 3 та Ўзбекистонга етар эди», деб айтди. Аммо иқтисодчилар бу ҳолатнинг бошқа муаммоларига ишора қилдилар.