Ўзбекистон январь ойида дунёда энг кўп олтин харид қилган давлат бўлди — WGC

Жаҳон Олтин Кенгаши (World Gold Council) маълумотларига кўра, 2025 йил январь ойида Ўзбекистон дунёдаги энг йирик олтин харидорига айланди.

WGC маълумотларига кўра, марказий банкларнинг олтинга бўлган қизиқиши юқори сақланиб қолган бўлиб, жорий йилнинг дастлабки ойида 18 тонна олтин сотиб олинган. Барқарор талаб олтиннинг расмий захиралардаги стратегик аҳамиятини, айниқса, геосиёсий хатарлар кучайган шароитда янада оширишини кўрсатади.

Ўзбекистон Марказий банки 8 тонна олтиннинг соф хариди амалга оширилганини маълум қилди. Бу эса мамлакатнинг олтин захираларини қарийб 391 тоннага етказди ва умумий резервларнинг 82% ни ташкил қилди.

Хитой Халқ банки учинчи ой кетма-кет олтин захираларини ошириб, яна 5 тонна сотиб олди. Бу билан мамлакатнинг олтин захиралари 2285 тоннага етди ва умумий резервларнинг 6% ни ташкил қилди.

Қозоғистон Миллий банки ҳам ўз олтин захираларини 4 тоннага оширди. Банк раиси Тимур Сулейменов 17 январдаги матбуот анжуманида олтин харидларида «монетар нейтралитет»га ўтиш имконияти кўриб чиқилаётганини маълум қилди. Қозоғистоннинг олтин захиралари 288 тоннани ташкил этиб, умумий резервларнинг 55% га тенг бўлди.

Январь ойида Польша миллий банки (3 тонна), Ҳиндистон резерв банки (3 тонна), Чехия миллий банки (2 тонна) ва Қатар (1 тонна) марказий банки ҳам олтин захираларини оширди.

Энг йирик сотувчилар Россия банки ва Иордания Марказий банки бўлиб, улар ҳар бири 3 тонна олтин сотган. Қирғизистон Миллий банки эса 2 тонна олтин сотгани маълум қилинди.

Январь ойининг якунига кўра, Ўзбекистон Марказий банкининг расмий резервлари 42,9 миллиард долларга етиб, декабрь ойига нисбатан 1,72 миллиард долларга ёки 4,2% га ошди.

Олтин захираларининг умумий қиймати 3,02 миллиард долларга ўсиб, 35,06 миллиард долларга етди ва янги рекорд ўрнатди. Бу жаҳон бозорида олтин нархининг трой унцияси учун 2900 долларгача ўсгани билан боғлиқ.

Ўзбекистоннинг валютa захиралари эса 1,3 миллиард долларга қисқариб, 7,3 миллиард долларга тушди. Бу 2013 йилдан буён кузатилаётган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.