Янги Тошкент учун «Санкт-Петербург» квартали концепцияси танланди

Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов Ўзбекистонга ташрифи чоғида Янги Тошкентдаги бўлажак «Санкт-Петербург» квартали майдончасида бўлди. У ерда у Ўзбекистон қурилиш ва уй-коммунал хизматлар вазир ўринбосари, Янги Тошкент шаҳри қурилиши дирекцияси директори Давронжон Одилов билан учрашди. Бу ҳақда Санкт-Петербург губернатори матбуот хизматига таяниб, Россия ОАВлари хабар бермоқда.

Петербург ҳукумати томонидан ҳокимият органлари, меъморий бюролар ва қурилиш компаниялари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи тузилган. Унинг ташаббуси билан лойиҳанинг 3 та концепцияси тайёрланди.

Санкт-Петербург губернатори Борис Беглов Ўзбекистонга ташрифи чоғида: «Биз Ўзбекистон Президентига Янги Тошкентнинг кўчаларидан бирини ўз шаҳримиз шарафига номлаш қарори учун миннатдормиз. Бу таклиф Россия Президенти томонидан қўллаб-қувватланди. Натижада бутун бир «Санкт-Петербург» квартали қурилишига старт берилди. Янги Тошкентда бизнинг шаҳримиз руҳига мос келадиган маҳалла пайдо бўлади», — деди.

Биринчи вариант «Парадный Петербург» деб номланган бўлиб, у Нева дарёси бўйидаги шаҳарнинг муҳим диққатга сазовор жойларига ишора қилади. Композициянинг асосий элементи Дворцова майдонидаги Бош штаб аркасига ўхшаш арка бўлиши режалаштирилган. Унинг ортида Петербургнинг Малая Садовая кўчасидаги каби шар-фавворали думалоқ майдон жойлашиши таклиф этилган. Лойиҳага павильонлар, чироқлар ва декоратив деталлари бўлган парк-сквер ҳам киритилган.

Иккинчи вариант — «Петербург кўчалари», бу шаҳар кўчаларини ифода этади ва умумий ғоя турли баландликдаги ва хилма-хил услубдаги уй-жойлардан кўча фронтини шакллантиришдан иборат.

Тошкент ҳокими Шавкат Умрзоқов билан муҳокамалардан сўнг учинчи вариант — «Петербург кварталлари» ишлаб чиқилди, у 2 та аввалги концепция элементларини бирлаштирди. Унда участканинг шимолий қисми думалоқ майдонча ва аркалар билан, жануби-шарқий қисми эса характерли петербург кўчалари услубида лойиҳалаштирилган.

Борис Беглов: «Бу ҳақиқатан ҳам кўзимизга таниш, классик ва шу билан бирга замонавий Петербург», — деди.

Барча 3 та концепция ва альбомлар Янги Тошкент қурилиш дирекциясига топширилди.

Беглов: «Ишонаманки, бу квартал нафақат замонавий турар жой майдони, балки Петербург ва Ўзбекистон дўстлиги рамзи бўлади. Биз бу ишни биргаликда давом эттиришга тайёрмиз», — деди.

Янги Тошкентда «Санкт-Петербург» квартали қурилишини 2026 йил ўрталарида бошлаш режалаштирилмоқда.