2025 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистонда «Янги Ўзбекистон» массивларида уй-жой қурилиши учун ер участкаларини ижарага олиш бўйича янги қоидалар жорий этилади. Бу 2025 йил 21 февраль куни президент томонидан имзоланган фармонда кўзда тутилган.
Хусусан, аукцион савдоларида фақатгина ҚҚС тўловчилари бўлган юридик шахслар иштирок этиши мумкин.
Бундан ташқари, қатъий муддатлар белгиланди:
- 15 кун — лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш учун,
- 2 ой — лойиҳалаш ишлари учун,
- 3 ой — қурилишни бошлаш учун.
Агар аукцион ғолиби оферта шартларини бажармаган тақдирда, ер участкани қайтариб олиниб, қайтадан савдога қўйилади.
Шунингдек, қурилиш ташкилотлари ер солиғидан 12 ойга озод қилинади. Бироқ, агар объект ўз вақтида топширилмаса, солиқ икки баравар миқдорда ундирилади.
Бундан ташқари, «Янги Ўзбекистон» массивлари учун ажратилган ер участкаларининг 10%и девелоперлар томонидан тижорат объектлари қурилиши учун ягона лот сифатида аукционга чиқарилади.
Янги массивлар учун ер участкалари туман марказлари ёки аҳолиси камида 70 минг кишидан иборат шаҳарлардан 2 км радиусда ажратилади. Ҳар бир массивда 7 қаватдан кам бўлмаган ва умумий майдони камида 100 минг квадрат метр бўлган уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига «Янги Ўзбекистон» массивларини лойиҳалаш ва йўл-транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини қуришда эътибор қаратиш юклатилди:
- қайта тикланадиган энергия манбалари ва энергия тежамкор ускуналардан кенг фойдаланиш;
- кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа муассасаларида хусусий операторларни жалб этган ҳолда энергия таъминотини таъминлаш;
- иссиқлик насослари, қуёш сув иситгичлари ва бошқа технологияларни ўз ичига олган альтернатив иситиш тизимларини жорий этиш;
- яшил ҳудудлар ва ирригация мақсадларида тозаланган чиқинди сувларидан фойдаланиш.
Президент 2025 йил январь ойида ўтказилган йиғилишда «Янги Ўзбекистон» массивларида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини қониқарсиз деб баҳолади. Қорақалпоғистон, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида инфратузилма ва қурилиш компаниялари билан ҳамкорлик етарли даражада назорат қилинмаган. Хоразмда аукционда сотиб олинган 98 та, Бухорода — 65 та, Жиззахда — 19 та, Навоийда — 12 та ер участкаларида қурилиш ишлари ҳали ҳам бошланмаган.
Баъзи уйлар инфратузилмаси мавжуд бўлмаган ва талаб паст бўлган чекка ҳудудларда қурилгани учун улардаги уй-жой бир йилдан ортиқ вақт давомида сотилмаяпти.
Жорий йилда «Янги Ўзбекистон» массивлари инфратузилмасини ривожлантириш учун 1,2 трлн сўм ажратилади.