Ўзбекистонда 2025 йил 1 июндан бошлаб биноларнинг энергия самарадорлигини оширишга қаратилган янги қоидалар кучга киради. Бу 2025 йил 11 март куни қабул қилинган ва иссиқлик таъминоти соҳасини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган президент қарорида назарда тутилган.
Қарорга мувофиқ, бино қурилиши ва реконструкцияси вақтида лойиҳа ҳужжатларига қуйидаги талаблар киритилиши шарт: энергия тежовчи ускуналар, муқобил иситиш тизимлари (иссиқлик насослари, гелиоколлекторлар) ҳамда ўз эҳтиёжлари учун мўлжалланган қайта тикланувчи энергия манбалари (қуёш панеллари ва бошқалар) мажбурий тарзда ўрнатилади.
Бу талаб барча объектларга, молиялаштириш манбаидан қатъи назар (бюджет, халқаро молия институтлари, давлат-хусусий шериклик, хусусий ва бошқа манбалар) татбиқ этилади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мазкур ускуналарнинг ўрнатилиши, шунингдек, янги биноларнинг фасадлари ва томларини иссиқлик изоляцияси билан таъминлашни назорат қилади.
Барча янги қурилиш лойиҳаларида, шунингдек, мавжуд марказлашган иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш ва реконструкция қилиш жараёнида ёпиқ иссиқлик таъминоти тизимини жорий этиш назарда тутилади.
Шунингдек, янги қурилаётган биноларда ички иситиш тизимлари ва иссиқ сув таъминоти тизимларини барпо этиш, шунингдек, кўп қаватли турар жойлар ва биноларда барча зарур ҳисоблагич ускуналарни ўрнатиш мажбурий бўлади.
Ҳар йили ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида иссиқлик таъминоти соҳасига ажратиладиган маблағларнинг камида 10% энергия тежовчи ускуналарни ўрнатишга йўналтирилади.
Қурилиш ва модернизация лойиҳалари амалга оширилаётган барча ижтимоий муассасаларда доимий иссиқ сув таъминоти, ювиниш хоналари ва спорт залларида душ кабиналари бўлган тежамкор санитар-гигиеник хоналар барпо этиш мажбурий ҳисобланади, уларнинг техник эксплуатациясига қулайлик яратилади.
Қурилиш ва реконструкция лойиҳалари доирасида қозонхоналар қувватини аниқлашда ушбу ҳудуддаги барча кўп қаватли турар-жойлар, ижтимоий муассасалар, маъмурий бинолар, саноат ва хусусий сектор объектларини тўлиқ қамраб олиш талаб этилади.
Марказлашган иссиқлик таъминоти мавжуд бўлган ҳудудларда янги қурилаётган кўп қаватли уйлар, маъмурий бинолар, ижтимоий муассасалар, саноат ва тижорат объектларини иссиқлик тармоқларига улаш мажбурий бўлади.
«Иссиқликтаъминоти» таркибига кирувчи (балансига 23 та иссиқлик таъминоти корхонаси ўтадиган) ва давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган корхоналарнинг иссиқлик таъминоти хизматлари нархлари (тарифлари) Идоралараро тариф комиссияси томонидан тартибга солинади.
Бундан ташқари, иссиқлик таъминоти корхоналари балансидаги қозонхоналарни «Иссиқликтаъминоти» розилигисиз бўш объект сифатида белгилаш ҳамда уларни электрон савдога қўйиш тақиқланади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ижтимоий муассасалар ҳужжатларини янги талабларга мувофиқ ҳолга келтириш, халқаро мутахассисларни жалб этиш ва энергия самарадорлигига оид лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш топширилган.
Шунингдек, иссиқлик таъминоти соҳасини модернизация қилиш учун халқаро молия институтларидан мунтазам равишда грант ва кредитлар жалб этиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистонда 250 минг объект, жумладан, 150 минг уйлар қуёш панеллари билан жиҳозланиши режалаштирилган.
2025 йилда Ўзбекистондаги янги қурилган 135 минг хонадон марказлашган иссиқлик таъминотига уланиши ва ошхоналар электр плиталар билан таъминланиши режалаштирилган.