Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 20 февраль куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга оид қонунга имзо чекди. Ҳужжат 2025 йил 21 февралдан кучга кирди.
Ўзгаришларга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси (ИИВ ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) учинчи қисм билан тўлдирилди.
Хусусан, транспорт воситаси ҳайдовчисининг ҳеч қандай асосли сабабсиз бир неча марта кетма-кет ИИВ ходимининг ёки ходимларининг транспорт воситасини тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабини бажармаслиги учун 30 базавий ҳисоблаш миқдори (11,25 млн сўм) миқдорида жарима ҳамда бир йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Такроран маст ҳолда ҳайдаш ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилгандан кейин ҳайдаш жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Шунингдек, Жиноят кодекси 261-1-модда билан (маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш ёки тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаш) тўлдирилди. Жиноят таркиби қуйидагича белгиланди:
“Транспорт воситаларини ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар ёки наркотик моддалар, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг интеллектуал-иродавий фаолиятига таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши, шунингдек, бундай ҳолат учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин такроран шундай ҳаракатни содир этиши ёки тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаш ҳолати”.
Бу орқали такроран маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчилар учун жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда. Жазо чоралари:
- маълум бир ҳуқуқлардан 3 йилгача маҳрум қилиш;
- 2 йилдан 3 йилгача тузатиш ишлари;
- 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Аввалроқ ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахс томонидан транспорт воситасини бошқариш учун фақат 10 БҲМ (3,75 млн сўм) миқдорида жарима белгиланган эди.
Ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан ҳайдаш учун жазо кучайтирилди
Бундан ташқари, Жиноят кодекси 261-2-модда билан (ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан транспорт воситасини бошқариш) тўлдирилди. Агар бундай ҳаракат учун аввал маъмурий жазо қўлланилган бўлса, жазо чоралари қуйидагича белгиланган:
- 50 дан 100 БҲМ гача жарима (18,75 млн сўмдан 37,5 млн сўмгача);
- 2 йилгача тузатиш ишлари;
- 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Маст ҳайдовчини рулга ўтқазган шахс учун жарима оширилди
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 3-қисми (маст ҳолдаги шахсга транспорт воситасини бошқариш учун бериш) 140-моддага (маст ҳайдовчиларга ёки ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга транспорт воситасини бошқаришга рухсат бериш) кўчирилди.
Аввал бу ҳаракат учун 25 БҲМ миқдорида жарима ва 2−3 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш белгиланган эди. Янгиланган тартибга кўра:
- Жарима 30 БҲМ (11,25 млн сўм) миқдорига оширилди;
- Такроран қоидабузарлик учун 50 БҲМ (18,75 млн сўм) ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.
Шу билан бирга, маст ҳолда, наркотик ёки бош турдаги маст қилувчи воситалар таъсири остида ҳайдаш билан боғлиқ моддалар «психотроп ёки шахснинг интеллектуал-иродавий фаолиятига таъсир қилувчи бошқа моддалар» тушунчаси билан тўлдирилди.