Yandex Uzbekistan Market номли маркетплейсини ишга туширди

Ўзбекистонда Яндекс маркет ишга туширилди

2025 йил 7 апрель куни Yandex Uzbekistan ўзининг Market номли маркетплейсини ишга туширганини маълум қилди. У аллақачон Yandex Go иловасида фаолият юритмоқда.

Сервиснинг хусусиятлари орасида — “бир босишда етказиб бериш”нинг янги формати, бўлиб тўлаш имконияти ва Yandex Factory — компаниянинг ўз ишлаб чиқариш йўналишига тегишли товарлар мавжуд.

Ҳозирда Market Тошкент шаҳри ва қисман Тошкент вилоятида фаолият юритмоқда. Market’дан буюртма бериш Yandex Go иловаси ёки market.yandex.uz сайти орқали амалга оширилиши мумкин.

Market’да электроника, маиший техника, уй ва таъмирлаш ишлари учун маҳсулотлар, кийим-кечак, пойабзал ва гўзаллик учун маҳсулотлар харид қилиш мумкин. Маркетплейс шахсий эҳтиёжлар асосида тавсия этилган товарлар танловини ҳам таклиф этади. Сервис маҳсулотларни хусусиятлари ва нархлари бўйича солиштириш имконини беради.

Маркетплейс билан бирга компания ўзининг ишлаб чиқариш йўналиши — Yandex Factory’ни ҳам тақдим этди. У турли тоифалардаги маҳсулотлар — электроника ва маиший техникадан тортиб болалар ўйинчоқларигача — яратиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Маркетплейсда компаниянинг еттита шахсий бренд маҳсулотлари тақдим этилган: Lunnen компьютер техникаси, Commo электрон аксессуарлари, Tuvio маиший техникаси, Pragma уй жиҳозлари, Junion болалар маҳсулотлари, Cubits радиобошқарувдаги ўйинчоқлар ва Nocord электр асбоб-ускуналари.

Market’дан харид қилинган товарларни буюртмаларни қабул қилиш пунктига ёки курьер орқали етказиб бериш мумкин. Ҳозирда 60 та харидларни топшириш пункти (ХТП) фаолият юритмоқда, йил охиригача улар сони бутун мамлакат бўйлаб 250 тага етказилиши режалаштирилган.

Маркетплейсда “бир босишда” етказиб беришнинг янги формати ҳам мавжуд. Бунда буюртма аввал Lavka хизматига тегишли энг яқин мини-омборга (даркстор) келади ва фойдаланувчига у етказиб бериш учун тайёр экани ҳақида хабар юборилади. Харидор ўз вақтида буюртмани 15 дақиқадан бошлаб қабул қилиши мумкин. “Бир босишда” етказиб беришга Lavka’дан озиқ-овқат ва бошқа товарларни қўшиш мумкин — улар Market буюртмаси билан бирга етказиб берилади.

ХТП ва “бир босишда” етказиб бериш барча буюртмалар учун бепул бўлади. Курьер орқали етказиб бериш эса 1 миллион сўмдан ошиқча буюртмалар учун бепул.

Буюртмани илова ёки сайт орқали карта билан, ХТПда эса нақд ёки карта орқали тўлаш мумкин. Yandex Split хизмати орқали бўлиб тўлаш имкони мавжуд. Бу орқали харидор товар нархининг бир қисмини дарҳол тўлайди, қолган сумма эса боғланган картадан белгиланган жадвал асосида ечиб олинади. Ҳозирда 2, 4 ва 6 ойлик бўлиб тўлаш вариантлари мавжуд.