
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Гулнора Абдувоҳидова Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёровга хусусий тиббиёт муассасаларида нотўғри даволаш натижасида фуқароларнинг соғлиғига жиддий зарар етказилиши ва ўлим ҳолатларининг кўпайиши юзасидан депутатлик сўрови йўллади.
Партия матбуот хизмати маълум қилишича, ўз сўровида депутат айрим хусусий тиббиёт муассасаларида нотўғри ташхис қўйиш ёки даволаш натижасида фуқароларнинг ўлими ёки ногиронликка учраши ҳолатлари жамиятда жиддий хавотир уйғотаётганини таъкидлаган.
Сўровда келтирилган маълумотларга кўра, сўнгги икки йилда тиббиёт ходимларининг ўз касбий вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича чиқарилган суд ҳукмлари сони ошган: 2023 йилда 67 та бўлган бўлса, 2024 йилда 94 тага етган. 2025 йилнинг биринчи чорагида эса 16 та бундай ҳукм чиқарилган.
Гулнора Абдувоҳидова хусусий клиникаларда — Фарғона ва Бухородаги ўлим ҳолатлари ҳамда нотўғри пластик жарроҳлик амалиёти натижасида ёш блогер қизнинг соғлиғига жиддий зарар етказилган ҳолатларни мисол тариқасида келтирди. Депутат бу салбий ҳолатлар сабабларини ўрганиш ва уларнинг олдини олиш зарурлигини таъкидлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига йўлланган сўровда қуйидаги саволлар берилган:
- Хусусий тиббиёт муассасаларида бундай салбий ҳолатларнинг ортишига аслида нима сабаб бўлмоқда ва вазирлик буни олдини олиш учун қандай чоралар кўряпти?
- Хусусий клиникаларда ўлим, ногиронлик ёки соғлиққа жиддий зарар етказиш ҳолатларининг ҳар бири бўйича вазирлик томонидан таҳлил ўтказилганми? Агар шундай бўлса, бу ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун қандай амалий чоралар кўрилди?
- Хусусий тиббиёт муассасаларида тиббий протоколлар ва белгиланган тартибларга риоя қилиниши устидан тизимли назорат механизми мавжудми? Бу йўналишда қандай аниқ чоралар кўрилмоқда?
- Хусусий клиникалар учун лицензия талаблари ва шартларини кучайтириш орқали аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида вазирлик қандай таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда?
Гулнора Абдувоҳидова «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, соғлиқни сақлаш вазиридан 10 кун ичида берилган саволларга асосли жавоб беришни сўради.