“Танзиландия” иши: боғчалар лицензияси бекор қилинди, ходимага нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Тошкентда болаларга мунтазам равишда зўравонлик қўлланган хусусий боғча — “Танзиландия” лицензияси бекор қилинди ва унинг ходималаридан бирига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақида 23 апрель куни Тошкент шаҳар иқтисодий ишлар бўйича суди апелляция инстанциясининг қарори қабул қилинди.

Суд ҳужжатларига кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги (ММТВ) Мирзо Улуғбек туманидаги Салар буйи кўчасида жойлашган Yuksalish Construction (“Танзиландия”) хусусий боғчасида текширув ўтказган. Бу текширув ижтимоий тармоқларда боғчада болаларга мунтазам равишда зўравонлик қилингани ҳақида тарқалган хабарлар ва бир неча фуқароларнинг жамоавий мурожаати асосида амалга оширилган.

Текширув давомида “Танзиландия” мактабгача таълим ташкилоти лицензия талаб ва шартларини бажаришда камчиликларга йўл қўйгани аниқланган. Хусусан, боғчанинг 155 нафар тарбияланувчисидан 128 нафари ёки 83% bbit.uz ахборот тизимига киритилмаган. Бундан ташқари, тарбияланувчилар сони 155 нафар бўлган бўлса-да, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун ажратилиши керак бўлган (энг ками 10%) бепул ўринлардан ҳеч бири ажратилмаган.

Аниқланган қонунбузилишлар асосида ММТВ Тошкент туманлараро иқтисодий судига “Танзиландия” боғчасига 2019 йил 27 декабрда берилган №МТ1104 рақамли лицензияни бекор қилиш талаби билан даъво киритган.

Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 19 мартдаги қарори билан даъво қаноатлантирилган ва лицензия бекор қилинган.

2025 йил апрель ойида боғча раҳбари бу қарор устидан Тошкент шаҳар иқтисодий ишлар бўйича судига апелляция шикояти билан мурожаат қилган ва 23 апрель куни судья Анвар Усмонов раислигида кўрилган апелляция муҳокамасида суд ҳайъати биринчи инстанция қарори ўз кучида қолдирди.

Суд қарорида қайд этилишича, 2025 йил 20 март куни Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармасининг қарори билан боғча ходимасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” ва “в” бандлари (вояга етмаган ёки айбловчи учун ожиз ҳолда бўлган шахсга нисбатан қийноқ қўллаш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

“Танзиландия”да нима бўлган эди?

2025 йил Февраль ойида хусусий “Танзиландия” боғчасида болаларга нисбатан мунтазам равишда зўравонлик қилингани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Фарзандининг хулқидаги ўзгаришлар сабабини билиш учун бир ота-она боланинг ўйинчоғига тингловчи қурилма ўрнатган.

8 соатлик аудиёзувда тарбиячиларнинг болаларни ҳақорат қилиб, ураётгани қайд этилган.

2025 йил 11 февраль куни ота-оналар боғча директоридан кузатув камераларидан ёзилган видеоларни кўрсатишни талаб қилишган. Инспектор иштирокида уларга баъзи видеолар кўрсатилган. Бироқ ота-оналар ёзувларни телефонларига олишга уринганда, профилактика инспектори бунинг ноқонуний эканини билдириб, съёмкани тақиқлаган.

Шундан сўнг ота-оналар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишган ва ёзувларни қўлга киритишган. Видеоларда тарбиячиларнинг болаларни спорт зали, кийиниш хоналари ва акт залида ураётгани аниқ кўринган. Айнан ота-оналар учун камера ўрнатилган хоналарда эса тарбиячилар ўзларини тинч ва мулойим тутган.

Тошкент шаҳар ИИББ дастлабки текширув бошланганини билдирган. Болалар омбудсмани эса болаларга етказилган тан жароҳатларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланганини маълум қилган.

Боғча маъмурияти тергов жараёнида зўравонликда гумонланган уч нафар тарбиячи билан меҳнат шартномасини бекор қилган.