«Ўзбекистонда хорижий грантлар олувчилари молиявий қийинчиликларга дуч келмайди» — ННТни қўллаб-қувватлаш жамғармаси раҳбари

“Ўзбекистонда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ҳамда хорижий грантларни қабул қилувчилар молиявий қийинчиликларга дуч келмайдилар”, деб маълум қилди Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат жамғармаси директори Отабек Ҳусанов.

У Sevimli телеканалига берган интервьюсида бу ҳақида айтган. Унинг чиқиши АҚШнинг янги маъмурияти хорижий ёрдамни «музлатгани» ҳақидаги хабарлар фонида янгради. Шу сабабли дунё бўйлаб кўплаб лойиҳалар тўхтаб қолиш хавфи остида қолган. АҚШ хорижий давлатларга ёрдамни турли идоралар орқали кўрсатиб келган, жумладан, Давлат департаменти, АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Пентагон, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқалар.

«Биз ўтмишда ҳам, бугун ҳам, келажакда ҳам лойиҳаларнинг давом этиши учун тўлиқ қўллаб-қувватлашга, барча зарур шарт-шароит ва имкониятларни яратишга тайёрмиз. Қолаверса, алоҳида таъкидламоқчиманки, агар 2025 йилда хорижий грантлар билан боғлиқ муаммолар юзага келса, биз уларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча лойиҳаларни ишлаб чиқишга ҳам тайёрмиз. Барча ННТларни жамғарма томонидан эълон қилинаётган давлат гранти ва давлат ижтимоий буюртмаси танловларида фаол иштирок этишга чақираман», — деди Ҳусанов.

ННТни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг йиллик бюджети тахминан 100 миллион долларни ташкил этади, шундан 70% маҳалла бошқарув тизими фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилади.

Дональд Трамп иккинчи президентлик муддатининг биринчи кунидаёқ бир неча ўнлаб ҳужжатлар қаторида хорижий ёрдамни 90 кунга музлатиш ва унинг кўрсатилиш тамойилларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ортидан USAID сайти ёпилди, Оқ уй сайтида эса USAIDни «исрофгарчилик ва суиистеъмолда» айбловчи баёнот пайдо бўлди. Аммо бу «исботлар»га манба сифатида ишончли бўлмаган манбалар кўрсатилган. Шу жумладан, уларнинг бештаси ҳақиқатга мос келмайдиган материаллар чоп этувчи Daily Mail ва ёлғон маълумот тарқатувчи Breitbart сайтига ишора қилган. Шунингдек, USAID ходимлари сони қисқартирилди ва унинг келгуси тақдири ҳозирча ноаниқ.

Ўзбекистон USAID билан ҳамкорликни 1993 йилда бошлаган. Шу кунга қадар агентлик Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, таълим, давлат бошқаруви, атроф-муҳит ва иқтисодий ривожланиш соҳаларидаги дастур ва лойиҳаларга тахминан 600 миллион доллар инвестиция қилган. Ҳар йили тахминан 30 миллион доллар ажратилган.