Ўзбекистон ва Хитой қисқа муддатли саёҳатлар учун визаларни ўзаро бекор қилади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ва Хитой ўртасида визаларни ўзаро бекор қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимнинг кучга кириши учун зарур бўлган ички давлат тартиб-таомиллари якунлангани ҳақида хабар берди. Ҳужжат 2024 йил 1 декабрда Чэнду шаҳрида имзоланган эди.

Битим 2025 йил 1 июндан кучга киради. Ҳужжатга мувофиқ, икки давлат фуқаролари ҳар бир алоҳида ташриф чоғида 30 кундан ошмаган муддатга ва ҳар қандай 180 кунлик давр ичида жами 90 кундан ошмаган муддатга икки давлат ҳудудига кириш, чиқиш ёки транзит учун виза талабидан озод қилинади.

Шу билан бирга, икки давлат ҳудудида ҳар бир кириш ва бўлиш муддати 30 кундан ошмаслиги керак. Агар фуқаролар 30 кундан ортиқ қолиш зарурати туғилса, олдиндан кириш визасини расмийлаштиришлари лозим.

Визасиз режим меҳнат фаолияти, ўқиш ва оммавий ахборот воситалари фаолияти, шунингдек, битим иштирокчиларидан бирининг ваколатли органларининг олдиндан розилигини талаб қиладиган бошқа фаолият турларига татбиқ этилмайди.

Бундан ташқари, битим Хитой Халқ Республикасининг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудларига ташриф буюришга тааллуқли эмас.