Хитой Молия вазирлиги АҚШдан келадиган маҳсулотларга бож тўловлари 84% дан 125% гача оширилганини эълон қилди. 2025 йил 12 апрелдан кучга киради.
Пекин бу қарорни АҚШ президенти Дональд Трамп Хитойдан келадиган импортга бож ставкаларини 125% гача оширганидан икки кун ўтиб қабул қилди.
«АҚШнинг Хитойга нисбатан нормадан ташқари юқори божларни жорий этиши халқаро иқтисодий ва савдо қоидаларини, асосий иқтисодий қонунларни ва соғлом ақлни жиддий равишда бузади, шунингдек, тўлиқ бир томонлама қўрқитиш ва босим ўтказиш ҳисобланади», — дейилади Хитой Молия вазирлиги баёнотида.
2025 йил 11 апрель куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин илк бор АҚШ билан савдо уруши ҳақида изоҳ берди. «Савдо урушида ғолиблар бўлмайди, дунё билан тўқнашув фақат ўзини яккалаб қўйишга олиб келади», — деди Хитой етакчиси Пекинда Испания бош вазири Педро Санчес билан учрашувда.
Си Цзиньпин қўшимча қилдики, Хитой «ноҳақ босимдан қўрқмайди», «ўзига ишончни сақлаб қолади» ва «ўз ишлари билан шуғулланишга» эътибор қаратади.
2025 йил март ойида Трамп Хитой учун божларни 20% этиб белгилади. Апрелда у қўшимча равишда Хитой товарларига 34% бож жорий этди ва жами ставкани 54% га етказди. Пекин ҳам шундай жавоб қайтарди. Кейинчалик Трамп умумий бож ставкасини 104%гача оширди. Бунга жавобан Хитой божларнинг умумий миқдорини 84%гача етказди. Шунинг ортидан Трамп Хитой товарларига божларни 125% гача оширишини эълон қилди.