
2025 йил 15 майдан бошлаб Ўзбекистон талабаларига халқаро Work and Travel дастурларида иштирок этиши учун ссудалар бериш тартиби жорий этилмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 майдаги қарорида кўзда тутилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
Ссудалар хорижий давлатларга бориш харажатларини, шунингдек, бошқа қўшимча харажатларни қоплаш учун берилади.
Ташаббус доирасида ёшлар Европа Иттифоқи, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия ва Янги Зеландия каби давлатларга боришлари мумкин бўлади. Ҳар йили 2000 нафаргача талаба 40 баравар базавий ҳисоблаш миқдори (15 миллион сўм) миқдорида фоизсиз ссуда олиши мумкин.
Ссуда олиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали қабул қилинади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:
- ариза берувчи ва хорижий давлатдаги иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаси;
- агар кафил бўлса – ариза берувчи ссудани тўлай олмаган тақдирда маблағни қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олишга тайёр бўлган жисмоний шахснинг охирги 12 ой давомидаги даромадлари тўғрисидаги маълумотномаси ва қарз шартномаси бўйича кафилликка розилиги;
- виза.
Ссуда Ўзбекистонга қайтиб келгандан сўнг бир ой ичида қайтарилиши керак. 2000 та маъқулланган ариза лимитига эришилгандан сўнг, жорий йилда ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилади. Квотага кирмаган талабалар кейинги йилда қайта ариза беришлари мумкин.
«Кўпчилик талабаларнинг бу дастурлар учун маблағлари бўлмаслигини инобатга олиб, биз уларга қарз берамиз. Одатда, бундай дастурларни тугатгандан сўнг кўпгина талабалар яхши даромад билан қайтиб келишади, бу эса уларга қарзларини тўлаш имконини беради», — дея изоҳ берди талабалар учун янги имтиёзга Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлигига таълим олиш ва малака ошириш, хорижий корхоналарда ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун Буюк Британия, Германия, Канада, Словакия, Австралия, Янги Зеландия каби давлатлар билан виза режимини соддалаштириш бўйича топшириқ берган эди.