Ўзбекистон овози кўчасининг яна бир қисми таъмирлаш учун ёпилади

Ўзбекистон овози кўчаси вақтинчали ёпилади

Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон овози кўчасининг навбатдаги қисми — Шастри кўчаси билан кесишмасидан Яҳё Ғуломов кўчасигача бўлган йўл қисми — таъмирлаш сабабли 2025 йил 27 март куни соат 7:00 дан 30 апрелгача транспорт ҳаракати учун ёпилади. Бу ҳақида Мирзо-Улуғбек тумани ҳокимияти хабар берди.

Хабарда кўчани «аҳоли эҳтиёжлари ва замонавий шаҳарсозлик стандартларига мос ҳолда куну-тун фаолият кўрсатувчи маконга айлантириш» режалаштирилгани айтилади.

Лойиҳа тротуарларни кенгайтириш, йўл қисмини торайтириш ва транспорт тезлигини чеклаш учун уни брусчатка билан қоплаш, шунингдек, янги дарахтлар ва буталар экишни кўзда тутади.

Лойиҳага «Тошкент инвест» компанияси ҳокимият билан бирга Россиянинг Ludi_Architects архитектура бюросини жалб қилган. Ушбу бюро худди шу кўчада жойлашган Республика болалар кутубхонасини таъмирлаш билан ҳам шуғулланган.

Айни вақтга келиб, 64-мактаб ва Le Grande Plaza меҳмонхонаси (собиқ «Тата») олдидаги йўлаклар янгиланди. Пиёдалар учун шароит яхшиланди, автомобиллар сони сезиларли даражада камайди, аммо баъзи жойлар ҳали ҳам такомиллаштирилиши керак. Жумладан, ҳайдовчилар ҳали ҳам тротуарларда, йўл ўтиш жойларида, Экопарк олдидаги такси тўхташ жойларида, шунингдек, Лал Баҳодур Шастри ҳайкали олдида, ҳаракатланиш тақиқланган жойларда машиналарини тартибсиз қўйишда давом этмоқда.

Таъмирлаш бошланадиган йўлакда кўплаб овқатланиш масканлари бор, уларнинг айримлари куну-тун ишлайди. Ҳудуднинг асосий муаммоси — ўша ерда “кўча парковкачилари” томонидан бошқариладиган, перпендикуляр автотураргоҳлар.

Кутилаётганидан фарқли равишда, янгиланган жойларда ҳам бу парковкачилар кетгани йўқ, ҳайдовчилар эса автомобилларини тўғри қўйиш ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларини ҳурмат қилишни ўрганишлари керак бўлади.