
Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримованинг жазо ўташ жойидан озод этилгани тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақмда мамлакат Олий суди матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги колониядан Гулнора Каримова озод қилингани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Ушбу хабарлар Гулнора Каримовага қарши жиноий иш доирасида Швейцариядан Ўзбекистонга қайтарилган маблағларни очиқ ва самарали тақсимлаш мақсадида ташкил этилган Uzbekistan Vision 2030 траст жамғармаси фаолиятига бағишланган матбуот анжумани арафасида пайдо бўлган.
Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида жиноий иш доирасида мусодара қилинган активларни Ўзбекистон халқи манфаатларига қайтариш бўйича илк келишув 2022 йил август ойида Берн шаҳрида имзоланган. Унга кўра, 131 миллион доллар Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган.
2025 йил февралда Ўзбекистон ва Швейцария Гулнора Каримовага тегишли яна 182 миллион доллар маблағни қайтариш бўйича яна бир келишув имзолаган. Бу маблағлар ҳам Uzbekistan Vision 2030 траст жамғармаси орқали Ўзбекистон халқига йўналтирилади.
Янги ҳужжат имзоланиши билан умумий қайтарилган маблағлар миқдори 313 миллион долларга етади.
Бундан ташқари, 2025 йил апрелда Бельгия ҳукумати телекоммуникация соҳасидаги шартномалар тузишдаги коррупция ва жиноий йўллар билан топилган маблағларни легаллаштириш иши доирасида мусодара қилинган 108 миллион долларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича қарор қабул қилди. Маблағлар Ўзбекистон суд органларининг илтимоси асосида мусодара қилинган. Улар ноқонуний комиссия олиш ва телекоммуникация шартномаларини бериш орқали олинган ноқонуний даромадларни легаллаштириш ҳолатларини тергов қилиш доирасида қайтарилмоқда.
Гулнора Каримова 2015 йилда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм этилган, 2019 йилда эса колонияга ўтказилган. 2020 йил март ойида у давлат маблағларини талон-тарож қилиш, Ўзбекистон манфаатларига зид шартномалар тузиш ва йирик ҳажмдаги мулкни товламачилик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари учун яна 13 йил 4 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
2012 йилда Нидерландия, Швейцария ва Швецияда, 2014 йилда эса АҚШда Ўзбекистон телекоммуникация бозоридаги эҳтимолий пора олиш ҳолатлари бўйича тергов ишлари бошланган. АҚШ томони маълумотларига кўра, Россиянинг МТС ва VimpelCom, шунингдек, швед-фин компанияси TeliaSonera Гулнора Каримовага яқин шахсларга турли фирмалар орқали пора берган.
2019 йилда МТС АҚШ ҳукуматлари билан келишувга эришиб, 850 миллион доллар жарима тўлашга рози бўлган. VEON эса 2016 йил февралда АҚШ билан тузилган келишувга мувофиқ 795 миллион доллар жарима тўлаган. Telia эса 2017 йил сентябрда АҚШ ва Нидерландия ҳукуматларига 965 миллион доллар тўлаган.