
Uzbekistan Airways авиакомпанияси Ҳиндистон ва Покистон чегарасидаги вазият туфайли Жануби-Шарқий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларига парвозлар йўналиши вақтинча ўзгартирилганини маълум қилди.
«Парвозларнинг максимал хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, Покистон ва Ҳиндистон чегараси ҳудудида парвоз қилишга вақтинча чекловлар киритилганини инобатга олган ҳолда, Деҳли, Мумбай, Бангкок, Куала-Лумпур, Пхукет каби бир қатор шаҳарларга рейслар йўналиши ўзгартирилади», — дейилади хабарда.
Шаҳарлар рўйхатида ўзгаришлар ва йўналишларни қўшимча равишда тузатишлар киритилиши мумкин. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йўналишга қараб, сафар вақти 1,5 соат ва ундан кўпроққа узаяди.
8-9 май кунлари компания, шунингдек, HY461/462 Тошкент-Лаҳор-Тошкент рейсини бекор қилди. Рейс йўловчилари пулларни қайтариш ёки авиачиптани бошқа санага қайта брон қилиш учун мурожаат қилишлари мумкин.