Тошкентда уйида гиёҳвандлик ўсимликларини етиштирган фуқаролар қўлга олинди

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ўз уйида гиёҳвандлик ўсимликларини етиштириш билан шуғулланган фуқаролар қўлга олинди, деб хабар берди Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати.

Миробод тумани Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимлари олинган тезкор маълумот асосида уйлардан бирида тинтув ўтказдилар. У ерда бўйи 60 дан 170 сантиметргача бўлган гиёҳвандлик ўсимлиги буталари аниқланди.

Жами 12 туп ўсимлик олиб қўйилди. Аниқланишича, хом ашё қуритилиб, истеъмол қилишга тайёрланган. Барча гиёҳвандлик моддалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шу туманнинг ўзида шунга ўхшаш ҳолат аниқланди. Бошқа бир турар жойни кўздан кечириш давомида унинг эгаси ҳам гиёҳвандлик ўсимликларини етиштиргани маълум бўлди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини кўриб, у далилларни йўқ қилишга уриниб, уларни сувга оқизиб юборди. Бироқ, гиёҳвандлик воситалари барибир олиб қўйилиб, экспертизага юборилди.

Жиноят кодексининг 270-моддасига кўра, экиш тақиқланган экинларни етиштириш 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Бундан ташқари, 273-моддасига кўра, гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва сотиш мақсадида бошқа ҳаракатлар содир этиш 20 йилгача озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўлади.