
Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори ўсишни намойиш этмоқда — бу ҳам битимлар сони, ҳам нархларда кўринмоқда, дея маълум қилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) таҳлили.
2025 йил сентябрь ойида мамлакатда 24,2 мингта уй-жой олди-сотди битими тузилган — бу 2024 йилнинг шу ойига (21,2 мингта) нисбатан 13,7% кўп, аммо август ойига (25 мингта) қараганда камроқ.
Битимлар сонининг энг катта ўсиши Сирдарё (+35,6%) ва Бухоро (+20,2%) вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида (+31,2%) кузатилган.
Учинчи чорак (2025 йил июль-сентябрь) якунлари бўйича 75,5 мингта битим тузилган — бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 13,6% кўп ва 2025 йилнинг иккинчи чорагига қараганда 11% юқори.
9 ой ичида уй-жой савдоси 212 мингга етган, бу 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларига (190,2 мингта) нисбатан 11,5% кўп. Шу билан бирга, Марказий банк ва ИТИМ маълумотлари 2024 йилнинг биринчи ярмидаги битимлар сони бўйича фарқланади — мос равишда 160 минг ва 123,8 мингта.
Дастлаб Марказий банк маълумотларига таяниб, 2024 ва 2025 йилларнинг январь-сентябрь ойларини таққослаганда савдоларнинг пасайиши ҳақида айтилган эди.
Нархлар
Сентябрда мамлакат бўйича иккиламчи уй-жой бозоридаги ўртача нарх 0,6% га, йиллик ҳисобда эса 4,6% га ўсди (аммо ўсиш суръатлари секинлашди, 2024 йилнинг 9 ойида йиллик ўсиш 6,7% ни ташкил этган эди). Бир йил ичида нархларнинг максимал ўсиши Сурхондарё (+19%), Сирдарё (+15,8%) ва Жиззах (+14,5%) вилоятларида қайд этилган.
Тошкентда иккиламчи уй-жой нархлари бир ой ичида ҳам 0,6% га ўсди, бироқ 2024 йил сентябрига нисбатан 1,7% га пасайди. Пасайиш айниқса, Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Чилонзор туманларида сезиларли бўлиб, ўртача 4,3% ни ташкил этди.
Бирламчи уй-жой бозорида нархларнинг йиллик 3% га ўсиши қайд этилган, бунда максимал ўсиш пойтахтнинг Миробод, Бектемир ва Яккасарой туманларида — ўртача 5,8% ни ташкил этди.
Ижара
Тошкентда ўртача ижара ставкаси сентябрь ойида 1 кв.м учун $8,5 ни ташкил этди, бу августдаги ($8) кўрсаткичдан 6,2% кўп. Энг юқори ставкалар пойтахтнинг марказий туманларида — Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасаройда кузатилмоқда, бу ерда уй-жой ижараси 1 кв.м учун тахминан $10,6 туради (аввал $10,3 эди).
2024 йилнинг сентябрь ойига нисбатан ижара ставкалари 1,4% га ошди. Энг катта ўсиш Юнусобод, Олмазор ва Миробод туманларида — ўртача 4,4% ни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича Марказий банк Тошкентда иккиламчи уй-жой, ижара ва ер участкалари нархларининг пасайиши давом этаётганини қайд этган эди. «Иккиламчи бозор»нинг ўртача нархи 1 кв.м учун 15,4 миллион сўмдан 14,9 миллион сўмгача пасайган. Шу билан бирга, Ўзбекистонда уй-жой олди-сотди битимлари сони ва ипотека кредитларининг берилиши ўсиб бормоқда.

