Тошкентда иккиламчи уй-жой нархлари бир йилда 5,7%, янги уйлар эса 3,7% га арзонлашди

Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида 2025 йил март ойида йиллик барқарор ўсиш фонида битимлар сонининг пасайиши қайд этилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) хабар берди.

ИТИМ маълумотларига кўра, март ойида кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар ҳажми 20,4 мингта операцияни ташкил этди, бу 2025 йил февраль ойига нисбатан 8,8% камдир.

Бу фаолликнинг пасайиши кузатилган иккинчи ойдир. Бироқ, 2024 йилнинг март ойига нисбатан бозор ўсишни кўрсатмоқда — битимлар сони 15% га ошган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида 68,4 мингта битим қайд этилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,8% кўп.

Марказ томонидан 2021 йилдан бери мониторинг бошланганидан буён биринчи марта бирорта ҳудудда биринчи чоракда савдо ҳажмининг пасайиши кузатилмади. Фаолликнинг энг сезиларли ўсиши Жиззах (+34%) ва Навоий (+29%) вилоятларида қайд этилди.

Иккиламчи кўчмас мулк бозори

2025 йил март ойида иккиламчи уй-жойнинг ўртача нархи февраль ойи даражасида қолди, бироқ йиллик ҳисобда республика бўйича 0,9% га ўсиш қайд этилди. Квартираларнинг энг сезиларли қимматлашиши Жиззах (+12,3%), Сурхондарё (+10,7%) ва Қашқадарё (+8,5%) вилоятларида кузатилди.

Пойтахтнинг иккиламчи бозорида март ойида нархлар 0,6% га, бирламчи бозорда эса 0,4% га пасайди. Йиллик ҳисобда иккиламчи уй-жой 5,7% га, янги бинолар эса 3,7% га арзонлашди.

Иккиламчи уй-жой нархларининг энг катта пасайиши Миробод (-8%), Чилонзор (-8,7%), Яшнобод (-7,5%) туманларида қайд этилди. Янги бинолар нархлари энг кўп Шайхонтоҳур (-14,7%), Учтепа (-11%) ва Юнусобод (-6,7%) туманларида пасайди.

Уй-жой ижараси

Тошкентдаги ижара бозори барқарорлигича қолмоқда. Ижаранинг ўртача ставкаси бир квадрат метр учун 8 долларни ташкил этади, марказий туманларда эса 10 долларгача (Миробод, Шайхонтоҳур, Яккасарой).

Йиллик ҳисобда пойтахтда ижара нархлари 7,4% га арзонлашди, айниқса Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Чилонзор туманларида ўртача 10% га пасайиш кузатилди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Тошкентда иккиламчи уй-жойнинг ўртача нархи 1,8% га пасайиб, бир квадрат метри учун 1190 долларни ташкил этди (2023 йилда 30% га ўсиш қайд этилган эди), ер нархлари эса 2,9% га арзонлашиб, бир сотих учун 352 миллион сўмни ташкил этди. Аввалроқ Марказий банк нархларнинг эҳтимолий тузатилиши ҳақида огоҳлантирган эди. Ўзбекистонда кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар сони 2,2% га камайди.

Тошкентдаги кўп қаватли уй-жойга инвестицияларнинг ўртача даромадлилиги пасайишда давом этди. 2025 йилнинг январида у ўтган йилнинг февраль ойидаги 32,4% га нисбатан 7,6% га пасайди. Айрим туманларда манфий даромадлилик қайд этилди, бу эса банк депозитларига қўйилмаларни янада фойдалироқ қилади, деб қайд этган эди Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти.