Трамп маъмурияти USAID грантларининг 90% дан ортиғини қисқартирди

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан хорижий давлатларга ёрдам сифатида ажратиладиган грантларнинг 90% дан ортиғини бекор қилиш тўғрисида фармойиш берди. Бу ҳақида CNN ва Associated Press нашрлари федерал суд даъвоси материалларига таяниб хабар берди.

«Жами 6200 та USAID грантидан деярли 5800 таси бекор қилинди, 500 дан ортиқ грант эса сақлаб қолинди. Сақланган грантларнинг умумий максимал қиймати тахминан 57 миллиард долларни ташкил қилади», — дейилади маъмурият баёнотида.

USAID орқали ажратиладиган грантлардан ташқари, Давлат департаменти орқали тақсимланадиган 9100 та грантдан 4100 таси ҳам бекор қилинди. Маъмурият вакилларининг таъкидлашича, 297 та маблағ ажратиш қарори ҳали баҳоланиши керак.

CNN нинг таъкидлашича, баёнотда АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳар бир грантни индивидуал тартибда кўриб чиқиб, уларни ё сақлаб қолиш, ёки «миллий манфаатлар ва Қўшма Штатларнинг ташқи сиёсатига мос келмагани» учун бекор қилиш бўйича якуний қарор қабул қилгани айтилган.

Associated Press ихтиёрига тушган хизмат ёзишмасида шунингдек, USAID ва Давлат департаментининг хорижий ёрдам бўйича ишларини ўзгартириш режалаштирилаётгани, бу эса «солиқ тўловчиларнинг пулларидан оқилона фойдаланиш орқали Америка манфаатларини илгари суришга» хизмат қилиши таъкидланган.

Дональд Трамп президентлик лавозимининг биринчи кунида АҚШ томонидан бошқа мамлакатларга ёрдам ажратилишини 90 кунга тўхтатган эди. Бу қарор, биринчи навбатда, 1961 йилда ташкил этилган USAID га таъсир қилди. Шундан сўнг агентликда оммавий қисқартиришлар ўтказилди.

USAID билан шартнома асосида ишлайдиган нодавлат ташкилотлар ва компаниялар Трамп маъмуриятига қарши судга даъво аризаси киритиб, агентликни ноқонуний равишда тугатишда айблади ва молиялаштиришни тиклашни талаб қилди.

АҚШ федерал суди ушбу даъво доирасида Трамп маъмуриятини хорижий ёрдам бўйича аллақачон бажарилган ишлар учун деярли 1,5 миллиард долларни музлатишдан чиқаришга мажбур қилди. Аммо Оқ уй бу қарор бўйича юқори инстанцияга шикоят қилди. Олий суд биринчи инстанция судининг қарорини тўхтатиб қўйди ва даъвогарларни ҳукуматнинг илтимосига жавоб тақдим этишга чақирди, шундан сўнг якуний ҳукм чиқарилиши кутилмоқда.

АҚШ дунёдаги энг йирик гуманитар ёрдам донори бўлиб, бу мақсадга мамлакат бюджетининг 1% дан камроқ қисми сарфланади (ижтимоий тармоқларда тарқалган 25% ҳақидаги хабарлар нотўғри). 2023 молия йилида агентлик 130 дан ортиқ мамлакатга 40 миллиард доллардан ортиқ ёрдам кўрсатди (шундан 25 миллиардини Конгресс агентликка ажратган, қолган қисми Давлат департаменти орқали ажратилган маблағ ҳисобланади). USAID Украина, Эфиопия, Иордания, Конго Демократик Республикаси, Сомали, Яман ва Афғонистонга ёрдам етказди. Ўзбекистон ҳам USAID ёрдами олувчи мамлакатлар қаторида бўлиб, 1993 йилдан бери 650 миллион доллардан ортиқ маблағ олган.