Ўзбекистонда рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “Умра” зиёратини ташкил этишда фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани ҳақида огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, сўнгги пайтларда интернет ва ижтимоий тармоқларда керакли лицензия ва рухсатномаларга эга бўлмаган, арзон нархларда зиёрат сафарларини таклиф қилаётган турфирмалар реклама эълонлари кўпаймоқда.
Энг катта зарарни Panorama Airways ва Gulbakhor Airways компаниялари етказган — жами 2558 нафар фуқаро алданганлиги қайд этилган.
Шунингдек, ҳудудий турфирмалар ходимлари томонидан амалга оширилган фирибгарлик ҳолатлари ҳақида ҳам маълумот берилган. Жумладан, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида жойлашган Bilolbek Travel филиали ходими фуқародан “Умра” сафари уюштириш баҳонасида 14,9 миллион сўм олган.
Бундан ташқари, Бойсун туманида бошқа бир турфирма ходими зиёратчи ишончига кириб, ундан 2200 доллар олиб, ўзлаштириб юборган.
Бу ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фуқаролар ишончини суиистеъмол қилган турфирмалар ва туроператорларга нисбатан чоралар кўрилган. Улар сабабли зиёратчилар чет элда оғир ҳолатга тушиб қолган.
Қўмита фуқароларни ҳушёр бўлишга, фақат лицензияга эга компаниялар хизматларидан фойдаланишга ва қоидабузарликлар ҳақида ишонч телефони — 1159 орқали хабар беришга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июль ойида президент “Умра” зиёратини ташкил этиш ва ўтказиш хизматларини лицензиялаш тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритган эди.
Ўтган йил ноябрь ойида Дин ишлари бўйича қўмита лицензия олган турфирмалар рўйхатини эълон қилган. Унга жами 12 та компания кирган. Бу рўйхат 2025 йил 1 апрель ҳолатига ўзгармаган.