Тошкент шаҳрида автотураргоҳлар жойлашувига кўра, зоналарга бўлиниши ва нархлари фарқланиши ҳақида ёзган эдик.
2024 йил 21 октябрь куни Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоков шаҳар бўйлаб режалаштирилган пуллик автотураргоҳлар жойлашуви ва ишга тушириш муддатларини тасдиқлади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга кўра, автотураргоҳларнинг географик координаталари (жойлашуви) ва санаси белгиланган. Nova24.uz хабар беришича, ҳокимиятга қарашли биринчи пуллик автотураргоҳлар йўлнинг чеккасида жойлашган бўлади ва аукцион орқали тадбиркорларга 10 йил муддатга фойдаланишга топширилади. Автотураргоҳларнинг ишлашини тадбиркорлар ўз зиммасига олиши ва ҳокимият талабларни тўлиқ бажарилишини назорат қилиши мўлжалланган.
Nova24.uz ҳужжатдаги координаталар жойлашувини аниқлашга ҳаракат қилган ва бир неча қўшимча изоҳлар қуйида келтирилган:
- ҳужжатда берилган координаталар формати хатолик билан киритилган ва пуллик автотураргоҳларнинг бошланиш ва тугаш жойларини аниқлашда қийинчиликлар пайдо бўлган
- координатада берилган баъзи кўчалар узунлиги бир неча туманга чўзилган ва қуйида келтирилган рўйхатда такрорланиши мумкин
Биринчи босқичда 13208 машинага мўлжалланган пуллик автотураргоҳ яратиш мўлжалланган. Рўйхат 3 гуруҳга бўлинган ва дастлабки тўлов асосидаги автотураргоҳлар 2025 йил 15 мартдан, иккинчи қисми – 1 июндан ва учинчиси 31 августдан ишга туширилиши режалаштирилган.
Миробод тумани – 15 мартдан: Вестминстер, Шаҳрисабз, Тарас Шевченко, Миробод, Содиқ Азимов, Истиқбол, Фидокор, Саид Барака, Яхё Ғуломов ва Бухоро кўчалари.
Мирзо-Улуғбек тумани – 1 июндан: Ўзбекистон овози кўчаси. 31 августдан: Истиқлол, Қори Ниёзий, Маҳтумқули кўчалари.
Яшнобод тумани – 31 августдан: Маҳтумқули, Тўйтепа, Паркент, Қуйи Толариқ, Тўйона, Меҳригиё кўчалари.
Янгиҳаёт тумани – 31 августдан: Биродарлик, Лутфикор, Қўрғонтепа, Мирза Турсунзода, Қипчоқ, Шокиариқ, Қўрғонтепа кўчалари.
Юнусобод тумани – 1 июндан: Осиё, Ниёзбек, Матбуотчилар, Усмон Носир, Олой бозор, Амир Темур кўчалари. 31 августдан: Амир Темур хиёбони атрофидаги айлана йўл, Ниёзбек ва Абдулла Қодирий.
Яккасарой тумани – 15 мартдан: Шота Руставели, Глинка, Восит Воҳидов ва Братислава кўчалари.
Шайҳонтоҳур тумани – 1 июндан: Лайлитўғон, Себзор, Лабзак, Зулфияхоним, Бешқайрағоч кўчалари ва Бунёдкор кўчасининг қисми.
Чилонзор тумани – 1 июндан: Муқимий кўчаси, Чилонзор, Чўпонота, Қатортол, Кичик Халқа Йўлининг қисми. 31 августдан: м. Чилонзор ёнидаги Кичик Халқа Йўли, Лутфий, Чўпонота, Арнасой ва Чилонзор кўчалари.
Сергели тумани – 31 августдан: Янги Сергели, Янги Қўйлиқ ва Меҳригиё кўчалари.
Учтепа тумани – 1 июндан: Фарҳод кўчаси, Кичик Халқа Йўлининг қисми.
Олмазор тумани – 1 июндан: Соғлом Авлод, Шифокорлар, Жарариқ кўчалари. 31 августдан: Қорақамиш, Шимолий Олмазор, Нурафшон, Фаробий, Янги Олмазор кўчалари ва Кичик Халқа йўлининг қисми.
Бектемир тумани – 1 июндан: Оҳангарон йўлининг қисми, Ҳусайн Байқаро кўчаси.
Тошкент шаҳар ҳокимияти 84000 та автомобиль учун мўлжалланган пуллик автотураргоҳ яратишни мўлжаллаган.