Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 29/06/2026

Тошкент кўчаларидан бирига яна Отатурк номи берилади

Тошкентдаги Абдулла Қодирий кўчасининг бир қисмига Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк номи берилади. Тегишли қарорни Ўзбекистон президенти 2026 йил 15 июнь куни имзолади, деб хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Яшнобод туманидаги кўчанинг Истиқбол, Фарғона йўли ва Нукус кўчалари чорраҳасидан то Абдулла Қодирий кўчасининг Махтумқули шоҳкўчаси билан кесишмасигача бўлган қисми янги ном олади. Ушбу участканинг узунлиги — 1 км дан сал кўпроқ (онлайн-хариталар маълумотларига кўра).

Қарор Мустафо Камол Отатурк хотирасини абадийлаштириш ва Ўзбекистон-Туркия муносабатларини мустаҳкамлаш доирасида қабул қилинган, дейилади ҳужжатда.

Бундан аввал Туркиянинг Ҳатай вилояти Арсуз туманида Ўзбекистон томонидан қурилган ва «Ўзбекистон маҳалласи» ташкил этилишига асос бўлган турар жой мажмуаси фойдаланишга топширилган эди. «Дунё» ахборот агентлиги у ерда президент Шавкат Мирзиёев номидаги хиёбон ҳамда Тошкент ва Самарқанд кўчалари очилгани ҳақида ҳам хабар берган.

Отатурк кўчаси ҳақида

Кўчага Отатурк номини бериш ташаббуси 2025 йил февраль ойида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва Туркия элчиси Олган Бекар томонидан муҳокама қилинган эди.

Бу масала, шунингдек, 2022 йилда Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоганнинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида элчи Олган Бекар ва пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан ҳам кўтарилган.

Илгари пойтахт марказида Отатурк кўчаси мавжуд бўлиб, унда Туркиянинг йирик Demir супермаркети жойлашган эди. 2011 йил баҳорида ушбу кўча у ерда жойлашган савдо мажмуаси номи билан Зарафшон деб қайта номланган.