Тошкентда иситиш мавсуми 2025 йил 18 мартдан якунланди, деб хабар қилди шу куни пойтахт ҳокимлиги.
Маъмурият маълумотига кўра, амалдаги меъёрларга асосан иситиш мавсуми 5 кун давомида ўртача суткалик ҳарорат +8°C дан юқори бўлганидан кейинги кундан бошлаб тугатилиши керак.
«Ҳозирги вақтда пойтахтда ўртача суткалик ҳарорат +12…+13°C дан ошмоқда, бу эса иситиш мавсумини якунлаш учун белгиланган меъёрларга мос келади», — дейилади ҳокимият баёнотида.
«Сўнгги ҳафта давомида кундузги ҳарорат +18…+19°C ва ундан юқори даражада бўлиб турибди, тунги ҳарорат эса +8°C дан пастга тушмаяпти. Гидрометеорология маркази прогнозига кўра, яқин беш кун ичида кундузги ҳарорат +20…+22°C ни ташкил этади, тунги ҳарорат эса +10°C дан юқори бўлади», — дейилади хабарда.
Тошкентда иситиш мавсуми 2024 йил 7 ноябрдан бошланган эди. Иситиш тизими ишга туширилиши 1985 йилда тасдиқланган ва ўртача суткалик +8°C ҳарорат қоидасини қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳақида баҳсларга сабаб бўлди. Климатолог Эркин Абдулаҳатовга кўра, бу қоидалар замонавий иқлим шароитлари ва халқаро стандартларга мослаштирилиши керак.
Иситиш мавсумини якунлаш ҳақида бир кун олдин пойтахт иссиқлик таъминоти тизими оператори Veolia Energy Tashkent компанияси ҳам хабар берган эди.