
Тошкентда Абу Али ибн Сино номидаги 1-Республика жамоат саломатлиги техникуми базасида ҳамшираларни тайёрлаш бўйича Германия тиббиёт академияси очилди, деб хабар берди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Лойиҳа Миграция агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Аахен Университет клиникаси (Германия) ва Швейцариянинг Globogate Concept компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Академия битирувчилари иккала давлат томонидан тан олинадиган дипломга эга бўлади ва Германиядаги клиникаларда ишлаш имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил сентябрь ойида Ўзбекистон ва Германия ўзбекистонликларни Германия компанияларига ишга жойлаштиришни соддалаштиришга қаратилган қатор келишувларни имзолаган эди. Томонлар тиббиёт мутахассислари ва транспорт соҳаси ходимларини тайёрлаш дастурларини яратишга келишиб олгандилар, бу Ўзбекистон фуқароларига ўз ватанида Германия стандартлари бўйича таълим олиш ва Германияда ишлаш ҳуқуқини олиш имконини беради.
Академияни ташкил этиш бўйича келишув Ўзбекистон Бандлик вазирлиги ва Globogate Concept AG компанияси ўртасида имзоланган.
Академия Германиянинг тиббиёт соҳасида ишлашни истаган ўзбекистонликларга Ўзбекистонда касбий ва тил тайёргарлигидан ўтиш имкониятини беради. Бунинг ёрдамида улар Германия Федератив Республикасида мослашиш учун 6-8 ой сарфлашга мажбур бўлмайди.
Бир йил давомида номзодлар Германия тиббиёт дастурлари бўйича ўқийди ва параллел равишда тил ўрганади. Globogate Concept AG бош директори Санг Ву Пай: «Дастур тугагандан сўнг улар нафақат диплом, балки Германия тиббиёт муассасаларида ишлаш ҳуқуқини берувчи сертификатга ҳам эга бўладилар», — деган эди.

