
2025 йил 27 февраль куни Тошкентнинг Зиёлилар кўчасида куни 50-йўналишда ҳаракатланувчи автобус тормоз тизими ишламаслиги сабабли светофорда тўхтаб турган икки машинага (Nexia 3 ва Lacetti), сўнг дарахтга урилди ва жиддий шикастланди.
Пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ҳодисага автобуснинг тўхташ тизимидаги техник носозлик сабаб бўлган.
«Ҳодиса жойига тезкор равишда қутқарув хизматлари ва тез ёрдам бригадалари етиб борди. Мавжуд маълумотларга кўра, бир киши жабрланган», — дейилади ҳокимлик хабарномасида.
Автобус ичида қанча йўловчи бўлгани аниқланмади. Nexia 3 ҳайдовчисининг сўзларига кўра, улар 10 нафардан кам бўлган. У аниқ айта олмаслигини, чунки ўзи ҳам йўловчиларига ёрдам берганини маълум қилди. Унинг машинасида ҳеч ким жабрланмаган.
Автобуснинг олд ойналари ва эшик томонидаги деярли барча ён ойналари синган. Салон ички қисмлари ҳам шикастланган.
Пойтахт ИИББ ЙҲХБ матбуот котиби Қаҳрамон Худойбергановнинг маълум қилишича, тергов ишлари бошланган, гувоҳларнинг кўрсатмалари олинган, автобус видеорегистратори ҳамда кўча кузатув камералари ёзувлари ўрганилмоқда.