
Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги тоғларда қутқарувчилар оиласи билан ҳордиқ чиқариш вақтида йўқолиб қолган тўрт ёшли болани топишди, деб хабар берди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Воқеа 2026 йил 13 апрель куни содир бўлган. 6 кишидан иборат оила тоғ бағрига дам олиш учун йўл олган. Соат 17:00 атрофида сайр қилиш давомида улар қорни томоша қилиш учун юқорироққа кўтарилишган. Пастга тушгандан сўнг, тахминан 40 дақиқа ўтгач, боланинг йўқлиги пайқаб қолинган, дейилади хабарда.
Қариндошлар ФВВ навбатчилик қисмига мурожаат қилишган. Воқеа жойига Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси қидирув-қутқарув отрядлари, шунингдек, «Қамчиқ» бошқармаси ходимлари етиб келишган. Операция 6,5 соатдан кўпроқ вақт давом этган.
14 апрелга ўтар кечаси — соат 0:20 да Олмалиқ махсус қидирув отряди қутқарувчилари болани соғ-саломат топишган. ФВВ маълумотларига кўра, болакай ўзи қолдирилган жойдан тахминан 3 км узоқликда бўлган ва тизза бўйи қорда индамай турган.
Қутқарилгандан сўнг бола қариндошларига топширилган. Унинг аҳволи яхши деб баҳоланмоқда. ФВВ операция видеосини эълон қилди. Унда қутқарувчилар болани кўтариб кетаётиб, уни тинмай руҳлантираётгани ва баракалла деб айтаётгани акс этган.